10 февраль куни Туркияда Самарқанд ва Коньянинг биродар шаҳарлар мақомида ҳамкорлик қилиши бўйича протокол имзоланди, дея хабар бермоқда «Юксалиш» ҳаракати матбуот хизмати.

Ҳужжатни Турк дунёси муниципалитетлари иттифоқи президенти, Конья шаҳри мэри Иброҳим Алтай ва Самарқанд ҳокими Фазлиддин Умаров имзолади.

Протокол доирасида томонларнинг ўзаро ҳурмат, ишонч ва тенглик тамойилларига асосланган ҳамкорликни ривожлантириш мақсадлари мустаҳкамланган. Хусусан, тажриба алмашинуви, иқтисодий ҳамкорлик, таълим, соғлиқни сақлаш, ёшлар сиёсати, спорт, туризм, тарихий ва маданий меросни муҳофаза қилиш, экология, энергетика, маданият, санъат, ахборот технологиялари ва транспорт соҳаларида ҳамкорлик қилиш режалаштирилган.

Шунингдек, инвесторлар ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, халқаро ташкилотлар томонидан молиялаштириладиган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли гуруҳларини қўллаб-қувватлаш бўйича ташаббусларни илгари суриш кўзда тутилган.

Ҳозирда Ўзбекистон делегацияси Туркияда ҳокимлар учун ўтказилаётган малака ошириш дастурида иштирок этмоқда. Делегация таркибида «Юксалиш» ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов ҳам бор. Иброҳим Олтой билан суҳбат чоғида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва уни кенгайтириш имкониятлари муҳокама қилинди.

Маълумот учун, Конья Туркиянинг энг йирик шаҳарларидан бири бўлиб, бой тарихи ва маданий мероси билан машҳур. Бундан ташқари, у муҳим саноат ва қишлоқ хўжалиги маркази ҳисобланади. Коньяда илмий тадқиқотлар ва IT-сектор тараққиётига ҳисса қўшувчи университетлар ва технопарклар жойлашган.