Ўзбекистоннинг Литвадаги янги тайинланган элчиси Тимур Раҳмонов (бир вақтнинг ўзида Латвиядаги элчи, қароргоҳи Рига шаҳрида) 11 февраль куни президент Гитанас Науседага ишонч ёрлиқларини топширди, деб хабар қилмоқда Dunyo ахборот агентлиги.

Расмий маросимдан сўнг бўлиб ўтган мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Литва ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

Литва президенти расмий Вилнюс ва Тошкент ўртасидаги сиёсий мулоқот ва икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ривожланиб бораётганини юқори баҳолади. 2024 йил якунига кўра Ўзбекистон Литванинг йирик савдо-иқтисодий шерикларидан бирига айлангани алоҳида таъкидланди.

Науседа, шунингдек, Литва томони Ўзбекистоннинг ЕИ доирасидаги ташаббусларини ва Жаҳон савдо ташкилотига кириш масаласини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Маълумот учун, Ўзбекистон ва Литва ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1992 йил 5 августда ўрнатилган. 2024 февралида Ўзбекистоннинг Латвия, Литва, Финляндия ва Эстониядаги элчиси Қадамбай Султонов фаолиятини якунлаганди. Шундан сўнг Тимур Раҳмонов шу йил 17 июнь куни Латвия президенти Эдгарс Ринкевичга ишонч ёрлиқларини топширган.

Қайд этилишича, 47 ёшли дипломат Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини тамомлаган. Ташқи ишлар вазирлиги тизимидаги фаолиятини 1999 йилда бошлаган.

Ўтган йиллар давомида у вазирлик марказий аппаратида, шунингдек, Ўзбекистоннинг Польша, Италия ва Испаниядаги элчихоналарида турли лавозимларда ишлаган. 2017−2018 йилларда эса ТИВнинг Урганч шаҳри ҳудудий бошқармаси бошлиғи, Хоразм вилояти ҳокимининг ўринбосари сифатида фаолият олиб борган.

Тимур Раҳмонов 2021—2024 йилларда Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги бош консул лавозимида ишлаган. Унинг консуллик округига Россиянинг Сибир федерал округи кирган.