Ўзбекистонда маҳкумлар китоб ўқиши орқали жазо муддатини қисқартириши мумкин бўлади. Тегишли қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасида кўриб чиқилди.
Қайд этилишича, қонунчиликка хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда, маҳкумларнинг қонунга итоаткор хулқ-атворини, инсонга, жамиятга, меҳнатга, жамият турмуши қоидалари ва анъаналарига ҳурмат муносабатини рағбатлантиришга қаратилган нормаларни киритиш зарурати юзага келмоқда.
Ушбу лойиҳа билан Жиноят кодексига китоб ўқишга жалб қилиш орқали маҳкумларни ахлоқан тузатиш бўйича янги 74−1-модда киритилмоқда. Унга кўра, фақат жазо муддатини тўлиқ ўташи лозим бўлган маҳкумларга нисбатан тасдиқланган рўйхат бўйича 1 та китоб ўқиган ва белгиланган тартибда имтиҳон топширган тақдирда жазосини 3 кунга қисқартириш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, ушбу кодекснинг 73, 74-моддалари асосида эса жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки енгилроғи билан алмаштириш масаласини ҳал этиш вақтида инобатга олиниши белгиланяпти.
Бундан ташқари, ўзини ўзи тарбиялаш йўли билан тузалиш йўлига ўтганлигини тасдиқловчи ҳаракатларни бажариши муносабати билан жазо муддатини қисқартиришни протсессуал тартиблари ҳамда зарур бўлган адабиётлар билан таъминлашни белгилаш бўйича Жиноят-протсессуал кодекси 536−1-моддаси, Жиноят-ижроия кодекси 80−1-моддаси билан тўлдириш назарда тутилмоқда.
Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинди.
Қайд этилишича, Ўзбекистондаги 49 та жазони ижро этиш муассасаларининг барчасида кутубхоналар мавжуд бўлиб, уларда 230 мингдан ортиқ китоб, жумладан, 44,7 мингдан ортиқ хорижий китоблар, Брайл алифбосида ёзилган 209 та китоб тўпланган.
2012 йилда Бразилия федерал қамоқхоналарида ташаббус ишга туширилди, унга кўра тасдиқланган рўйхатдаги ҳар бир ўқилган китоб қамоқ муддатини тўрт кунга, аммо йилига 48 кундан кўп бўлмаган муддатга қисқартирди. Бунинг учун маҳбуслар ўқиган материаллари бўйича иншо ёзишлари керак эди.
Қозоғистонда 2021 йилдан бери Қарағанда вилоятидаги жазони ижро этиш муассасаларида синов лойиҳаси амалга оширилмоқда, унга кўра маҳкумлар таклиф қилинган адабиётлардан маълум миқдордаги китобларни ўқиб, уларни комиссияларга омма олдида сўзлаб беришади ва иншо ёзишади. Шундан сўнг комиссия маҳкумларни рағбатлантириш тўғрисида хулоса чиқаради, бу эса сақлаш шароитларини ўзгартириш ва муддатидан олдин озод қилишга таъсир қилади.