Самарқанд шаҳрида майнерлар кўп миқдордаги электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани аниқланди, деб хабар берди Бош прокуратура матбуот хизмати.
Маълум қилинишича, «С.М.» оилавий корхонаси раҳбари А.И. ва корхонага қарашли мебель цехи устаси А.Н. мебель цехини ўзбошимчалик билан тармоққа улаган ҳолда ноқонуний майнинг фаолияти билан шуғулланиб келган. Оқибатда 1,8 млрд сўмлик электр энергиясини ўғирлик йўли билан талон-торож қилган.
Ҳолат юзасидан И.А. ва А.Н.га нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдорда ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилган.
БП тадбиркорларни энергия ресурсларидан қонуний тартибда ва оқилона фойдаланишга чақирди ва бу каби рейдлар давом этишини билдирди.