Омбудсман томонидан фуқароларнинг иш ҳақи ва меҳнат муносабатлари билан боғлиқ тўловлари бўйича ундириб берилган маблағлар 1 млрд 832,9 млн сўмни ташкил этди. Бу ҳақда Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман)нинг 2024 йилдаги фаолияти тўғрисидаги маърузасида маълум қилинди.
Ҳисобот йилида Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) номига Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа йуридик шахслардан 23 минг 422 та мурожаатлар келиб тушган.
2024 йилда омбудсман томонидан мурожаатларни ўрганиш натижасида инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги қонунбузилиш ҳолатлари, уларга имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан давлат органлари ва идораларига, мансабдор шахсларга 182 та (2022 йилда 134 та, 2023 йилда 170 та) тақдимнома, талабнома, ариза ва даъво аризалари ҳамда хулоса шаклидаги таъсир чоралари киритилган.
2024 йилда омбудсман томонидан қўлланилган таъсир чоралари 2023 йилга нисбатан 7 фоизга, 2022 йилга нисбатан 35,0 фоизга ошган. Таъсир чораларининг 140 таси ижобий ҳал этилган. Шунингдек, омбудсман томонидан ташкилотлар ёки мансабдор шахсларга 39 та (2023 йилга нисбатан 11 фоизга кўп) тақдимнома киритилган ва уларнинг 30 таси ижобий ечим топган. Фуқаролардан келиб тушган мурожаатлар ўрганилиши натижасида фуқаролик ва маъмурий ишлар бўйича судларга киритилган 92 та ариза ва даъво аризаларнинг 82 таси ҳал этилган.
Омбудсман томонидан меҳнатга оид ҳуқуқлар билан боғлиқ мурожаатлар ўрганилиши туфайли фуқароларнинг иш ҳақи ва меҳнат муносабатлари билан боғлиқ тўловлари бўйича ундирилган маблағлар 1 млрд 832,9 млн сўмни ташкил қилган. 20 нафар фуқаро ишга тикланган, 7 та ҳолатда иш берувчининг ходимга нисбатан ноқонуний ҳаракатлари бартараф этилган.
2024 йилда омбудсман ва Жамоатчилик гуруҳлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга 902 маротаба (2023 йилда 603 маротаба) мониторинг ташрифлари амалга оширилган. Натижада жазони ижро этиш муассасаларида инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан парламент назоратини таъминлашга эришилган.