Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 13 февралдаги йиғилишида «Проактив пенсия тайинлаш тизимига ўтиш тўғрисида»ги қонунни биринчи ўқишда қабул қилди, деб хабар берди парламент қуйи палатаси.

Ҳужжат давлат хизматлари сифатини ошириш ва пенсия тизимига рақамли технологияларни жорий этишга қаратилган.

«Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартиришлар эркакларга 60 ёшга, аёлларга 55 ёшга тўлганда автоматик равишда пенсия тайинлаш имконини беради.

Ҳозирда фуқаролар пенсия олиш учун ариза бериши ва тўловларга бўлган ҳуқуқларини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиши керак. Эндиликда бу жараён тегишли вазирлик ва идоралар ўртасида ахборот алмашинуви доирасида автоматлаштирилади.

Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Гулнора Раҳимова мазкур ўзгаришлар туфайли йилига ўртача 250 минг нафар фуқаронинг Пенсия жамғармаси ва давлат хизматлари марказларига мурожаат қилишига тўғри келмаслиги, бу эса вақт ва маблағни тежаш имконини бериши ҳақида маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг 2023 йил 31 октябрдаги қарорига мувофиқ, 2025 йил 1 мартдан пенсия тайинлашнинг проактив шаклини ишга тушириш режалаштирилган.

Қонун лойиҳаси пенсия тизимидаги янгиликлардан ташқари барча турдаги нафақаларни тайинлаш ва тўлаш ваколатларини Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига ўтказишни назарда тутади. Шу муносабат билан «Давлат божи тўғрисида»ги ва «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги қонунларга эҳтиёжманд тоифадаги фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш жараёнини оптималлаштириш имконини берувчи ўзгартиришлар киритиш кўзда тутилмоқда.