Жанубий Корея Транспорт вазирлиги ўтган ойда Air Busan авиакомпанияси самолётида содир бўлган ёнғиндан сўнг авиация хавфсизлиги қоидаларини кучайтириш чораларини эълон қилди, улар парвозларга рухсат этилган портатив батареялар сони ва турини чеклашни ўз ичига олади. Бу ҳақда Reuters хабар берди. Чоралар 1 мартдан кучга киради.
Жанубий Кореянинг Air Busan авиаташувчисига тегишли Airbus самолёти 28 январь куни Жанубий Кореянинг жанубий қисмидаги Гимҳе халқаро аэропортида Гонконгга учишга тайёргарлик пайтида ёниб кетганди.
Янги хавфсизлик чораларига кўра, йўловчиларга 100 ватт-соатгача бўлган бешта портатив батареяни олиб юришга рухсат берилади, 160 ватт-соатдан ортиқ батареялар эса бортга қўйилмайди.
Хавфсизлик текширувлари батареялар сони ва турларини текширишни ўз ичига олади, самолётда портатив батареяларни қувватлантириш тақиқланади, дейилади вазирлик баёнотида.
Ўтган ҳафтада Air Busan авиакомпанияси томонидан қабул қилинган худди шундай қарорни такрорлаган ҳолда, вазирлик йўловчиларга кабиналардаги юк жавонларига қўйиладиган юкларда повербанк ҳамда электрон сигаретларни олиб юришни тақиқлашини билдирди.
Ушбу қарор портатив батареяларнинг ёниб кетиши билан боғлиқ хавотирларни бартараф этиш мақсадида қабул қилинган, бироқ Air Busan самолётидаги ёнғин сабаби ҳали аниқланмаган, дейилади вазирлик хабарида.
Ёнғинни биринчи бўлиб борт кузатувчиси самолётнинг орқа томонидаги юк жавонида аниқлаган, дейилади авиакомпания хабарида. Бортдагиларнинг барчаси хавфсиз эвакуация қилинган.
Жаҳон авиация стандартларига кўра, аккумуляторларни багажга жойлаштирмаслик керак, чунки улар шикастланиш ёки ишлаб чиқаришдаги носозликлар туфайли қисқа туташувга учраса, кучли ёнғин чиқиши мумкин.