Президент таҳлилий ва тадқиқотчилик фаолиятини ташкил қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорни имзолади, деб хабар берди Telegram’даги «Ҳуқуқий ахборот» канали.
Ҳужжатга кўра, Таҳлилий ва тадқиқот тузилмалари фаолиятини ташкил қилиш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш ҳузурида Тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилади.
Жамғарма маблағлари Тикланиш ва тараққиёт жамғармасида алоҳида очилган ҳисобрақамларда жамланади ва мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан белгиланган тартибда сарфланади.
Жамғарма маблағлари, жумладан, қуйидагиларга йўналтирилади:
- мувофиқлаштирувчи кенгашнинг фаолият йўналишлари бўйича тадқиқотларни амалга ошириш;
- таҳлилий материалларни тайёрлаш ва тадқиқотларни ўтказиш учун грантлар ажратиш;
- ижтимоий сўровлар ва жамоатчилик фикрини ўрганиш бўйича тадқиқотларни амалга ошириш.
Жамғарма маблағлари мақсадли ва самарали сарфланиши устидан назорат мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан амалга оширилади.
Бу кенгашга жамғарма маблағларини миллий ва хорижий валюталарда банк депозитларига жойлаштириш рухсат берилади. У, шунингдек, грантлар ва беғараз техник кўмак воситаларини жалб қила олади.
Жисмоний ва юридик шахсларга тўлов асосида тадқиқотлар натижалари ва маълумотлар базаларидан фойдаланиш ҳамда тадбирларда иштирок этиш имкониятларини бериш ҳам кенгаш ҳуқуқларидан ҳисобланади.