Ўзбекистонда маҳаллалар кесимида «Аҳолининг жисмоний фаоллиги рейтинги» юритилади. Бу ҳақда президент раислигида 13 февраль куни ўтказилган йиғилишда маълум қилинди.
Хабарга кўра, ўтган йили оммавий спорт мусобақаларида ёшлар қамрови 10 миллионга етди. Лекин ёшларни болаликданоқ спортга жалб қилишга барча туманларда бирдек эътибор қаратилмаяпти.
Мисол учун, «Беш ташаббус олимпиадаси»нинг ўтган йилги мавсумида туман босқичида ғолиб бўлган 150 минг ёшларнинг атиги 15 фоизи спорт мактабларига танлаб олинган, дейилади хабарда.
Эндиликда ҳар ҳафтада маҳаллаларда оммавий жисмоний фаоллик тадбирлари ўтказиб борилади. Уларга ногиронлиги бўлган шахслар кенг жалб этилади. Йил якуни билан энг фаол оилаларга тренажерлар берилади, энг яхши маҳаллаларда спорт майдончалари қурилиб, жиҳозланади.
Мажлисда, шунингдек, мактаб ўқувчиларини спортга жалб этишнинг бугунги ҳолати ҳам талаб даражасида эмаслиги кўрсатиб ўтилди. Энди ҳар бир мактабда яккакураш ва жамоавий олимпия спорт турлари бўйича камида 1 тадан тўгарак бўлиши шартлиги белгиланди.
Бунинг учун Спорт вазирлиги ўз тизимидаги барча спорт мактаблари тренерларини умумтаълим мактабларидаги жисмоний тарбия ўқитувчиларига бириктиради.
Федерациялар ҳар бир туманда биттадан умумтаълим мактабини танлаб, ўз йўналишидаги спорт турига мослаштиради. Уларни малакали мураббий ва спорт инвентарлари билан таъминлайди.
Мактаблар ўртасида олимпия спорт турлари бўйича мусобақалар ташкил қилинади. Энг яхши натижа кўрсатган ўқувчилар селекция қилиб борилади, мактаблар эса керакли спорт инвентари билан таъминланади. Натижа кўрсатган жисмоний тарбия ўқитувчилари алоҳида рағбатлантирилади.