11 февраль куни тонгда Самарқанд вилояти Жомбой туманида автобус ағдарилиб кетиши оқибатида 22 нафар аёл жароҳатланди. Бу ҳақда туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокорига таяниб, Milliy телеканали хабар берди.

Бир кун аввал вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси «Газета.uz» ҳодисада бир йўловчи — 68 ёшли эркак ҳалок бўлганини маълум қилди, бироқ у қайси транспортда бўлганига аниқлик киритмади.

Журналист йўловчилар сони ва қурбонлар борлиги ҳақидаги маълумотга аниқлик киритмоқчи бўлганида, бошқарма матбуот котиби қўнғироқни узиб қўйди.

«Газета.uz» изоҳ сўраган Фавқулодда вазиятлар вазирлиги эса вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси билан боғланишни маслаҳат берди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган фото ва видеоларда автобуснинг ён, орқа ва олд ойналари сингани, қурбонлар бўлгани айтилган.

Бош шифокор Тозагул Холиқованинг Milliy телеканалига маълум қилишича, шифохонага 23 нафар аёл ётқизилган, улардан бири воқеа жойидаёқ ҳалок бўлган.

Аёлларнинг жароҳатлари оғир: 16 нафар йўловчи жарроҳлик бўлимига, 2 нафар аёл реанимацияга ётқизилди. «Уларнинг аҳволи оғирроқ, реанимацияда даволаняпти», — деди шифокор.

Туристик автобус Самарқанддан Тошкентга кетаётган бўлган. Хабар қилинишича, автобус ҳайдовчиси масофа ва тезликни нотўғри баҳолаган ҳамда тормозни кескин босиб, Cobalt билан тўқнашган.