Ўзбекистонда ҳудудлардаги 310 та спорт мактаби миллий терма жамоаларнинг «селекция базаси»га айланади. Бу ҳақда президент раислигида ўтказилган мажлисда маълум қилинди.

Йиғилишда барча вилоятлардаги спорт бошқармалари бошлиқлари ҳамда барча спорт мактаблари директорларининг фаолиятини тубдан кучайтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Спорт бошқармалари бошлиқларига шахсий масъулиятини оширишга қаратилган уч ойлик синов тайинланди.

Мутасаддиларга ҳар бир мактаб бўйича аниқ мақсадларни белгилаб, уч йиллик дастур қилиш топширилди.

Жисмоний тарбия университети, Нукус, Фарғона, Самарқанд каби спорт факультети бўлган олийгоҳлар профессор-ўқитувчилари, илмий ходимлари, битирувчи курс ва магистратура талабаларининг олти ойга спорт мактабларига бириктириш амалиёти йўлга қўйилади.

Улар диплом иши ва диссертацияларини бевосита жойлардаги муаммолардан келиб чиқиб ёзиши ва уларга амалий ечим бериши муҳимлиги таъкидланди.

Олийгоҳ ректорлари янги методика ва ёндашувларни бевосита шу ерда жорий қилиб, спорт мактабларини дуал таълимнинг илмий-амалий базасига айлантиради.

Йиғилишда, шунингдек, эндиликда ҳар ҳафтада маҳаллаларда оммавий жисмоний фаоллик тадбирлари ўтказиб борилиши кўрсатиб ўтилди. Уларга ногиронлиги бўлган шахслар кенг жалб этилади. Шу билан бирга, маҳаллалар кесимида «Аҳолининг жисмоний фаоллиги рейтинги» юритилади.

Мактаблар ўртасида олимпия спорт турлари бўйича мусобақалар ташкил қилинади. Энг яхши натижа кўрсатган ўқувчилар селекция қилиб борилади, мактаблар эса керакли спорт инвентари билан таъминланади. Натижа кўрсатган жисмоний тарбия ўқитувчилари алоҳида рағбатлантирилади.