13 февраль куни Тошкент метрополитенининг Буюк Ипак йўли бекатида ҳожатхона ҳамда оналар ва болалар хонаси ишга тушди, деб хабар берди ҳолат гувоҳи бўлган «Газета.uz» мухбири.

метро, метрода ҳожатхона, ҳожатхона

Маълумот лавҳасидан (у ўзбек, инглиз ва рус тилларида ёзилган) кўринадики, ҳожатхонадан фойдаланиш нархи — 3 минг сўм. Ундан Иккинчи жаҳон уруши фахрийлари, ногиронлиги бор шахслар, 7 ёшгача бўлган болалар, нафақадаги фуқаролар, Чернобил фалокати иштирокчилари, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари бепул фойдалана олади. Бунинг учун маълумотни тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилиши керак.

Тошкент метрополитенининг «Газета.uz»га маълум қилишича, ҳозирда Амир Темур, Беруний, Пахтакор бекатларида ҳам ҳожатхона қуриш ишлари давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг февраль ойида пойтахт метрополитенининг «Чилонзор» бекатида синов тариқасида она ва бола хонаси ҳамда ҳожатхона ишга туширилган эди. Ноябрь бошида бекатларнинг бирида бир шахс ҳожатини чиқаргани акс этган видео тарқалган эди. Шундан сўнг тармоқларда метрода ҳожатхоналарни кўпайтириш борасида мунозаралар кўпайгач, метронинг 9 та бекатида шундай хизматларни йўлга қўйиш режаси маълум қилинди.

Юқорида қайд этилганлардан ташқари, Мустақиллик майдони, Олмазор, Чорсу, Дўстлик ва Бодомзор бекатларида ҳам ҳожатхона қурилиши кўзда тутилган.