Ўзбекистон Марказий банки 14 февралдан хорижий валюталарнинг ўзбек сўмига нисбатан янги қийматини белгилади.

Унга кўра, долларнинг расмий курси 14,88 сўмга кўтарилиб, 13 003,95 сўмни ташкил қилди.

Пайшанба куни банклар долларни 12 925 − 12 970 сўм оралиғида сотиб олди (Asia Alliance Bank) ва аҳолига 12 990 сўмдан (Apex Bank ва Poytaxt Bank) 13 050 сўмгача сотди.

доллар курси

Йил бошидан буён сўм 0,65 фоизга — 12920,48 сўмдан 13003,95 сўмга (+83,47 сўм) қадрсизланди. Таққослаш учун: 2024 йилнинг шу даврида девальвация 1,15 фоизни (+141,27 сўм) ташкил этган.

2024 йилда Ўзбекистон экспорти ҳажми 8,4 фоизга ўсиб, 26,95 миллиард долларни, олтинсиз экспорт эса 16,5 фоизга ўсиб, 19,5 миллиард долларни ташкил этди.

Импорт 0,8 фоизга — деярли 39 миллиард долларгача ўсди, бу асосан энергия ресурслари, нефть, озиқ-овқат маҳсулотлари ва хизматларни сотиб олишнинг кўпайиши ҳисобига бўлди. Шу билан бирга, машиналар, асбоб-ускуналар ва кимёвий маҳсулотлар импорти камайди.

Натижада савдо балансининг салбий сальдоси 13,79 млрд доллардан 12,04 млрд долларгача қисқарди.

Ушбу омиллар, ўз навбатида, ички валюта бозорида талаб ва таклифни мувозанатлаштиришга хизмат қилиб, сўм алмашув курсини барқарорлаштиришда муҳим роль ўйнади, дейилади Марказий банкнинг ўтган йилнинг тўртинчи ойидаги пул-кредит сиёсати тўғрисидаги ҳисоботида.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, ўтган йили Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми қарийб 30 фоизга ошиб, 14,8 миллиард долларни ташкил этди.

Натижада сўм 2024 йилда 4,71 фоизга қадрсизланди.