Тошкент ҳамда Навоий вилоятларининг айрим ҳудудларида қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар учун ягона тўлов тарифлари тасдиқланди.

Тошкент вилоятининг Бекобод ва Нурафшон шаҳри ҳамда Зангиота туманида тариф ҚҚС билан бир кишига 7840 сўм миқдорида белгиланди (2023 йил ноябрь ойидан 4400 сўм, +1,8 баравар), юридик шахслар учун эса ҚҚС билан бир метр куб учун 82 880 сўм (68 320 сўм, +21,3%).

Тарифлар Ibroximjon ishonch, Shabnam-obod-servis, Ahmadjon omad baraka, Dilshod Murodbaraka, Metal-mexanik-master, Orzu ishonch fayz, Dilxumor servis, Obod hudud servis, Iskandar servis luks, Maks qur lider maxsus махсус ҳамда Nurafshon-obod-hudud компанияларига татбиқ этилади.

Шунингдек, Навоий вилоятининг Ғозғон шаҳри ҳамда Хатирчи, Навбаҳор, Нурота ва Конимех туманлари учун ягона тарифлар тасдиқланди. Жисмоний шахслар учун нарх бир киши учун ҚҚС билан 4950 сўмни (эски тариф 3600 сўм), юридик шахслар учун ҚҚС билан 80 080 сўмни (эски тариф 63 400 сўм) ташкил этади.

Белгиланган тўлов тарифи Mironshox komfort servis санитар тозалаш корхонаси учун амал қилади. Шунингдек, маиший чиқиндиларни жойлаштириш, сақлаш, утилизация қилиш, зарарсизлантириш хизмати учун Навоий вилояти бўйича 1 метр куб — 20 160 сўм (ҚҚС билан) ҳамда 1 тонна — 48 933 сўм (ҚҚС билан) этиб тасдиқланди.

навоий вилояти, тошкент вилояти, чиқинди

Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги маълумотига кўра, ягона тарифлар президент ва Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари асосида белгиланмоқда. Таъкидланишича, мажбурий ягона тарифлар хизматлар сифатини оширишга ва янги иш ўринларини яратишга хизмат қилади.

Февраль ойи бошида Тошкент вилоятининг аксар ҳудудлари ва Сурхондарёнинг барча ҳудудларида ҳам чиқинди хизмати учун тўлов тарифи белгиланган. Бу ҳақдаги қарорлар халқ депутатлари вилоятлар кенгашлари томонидан санитария-тозалаш хизматлари сифатини ошириш мақсадида қабул қилинган.

2023 йилнинг ноябрь ойида Тошкент, Фарғона, Андижон, Самарқанд вилоятлари ва Самарқанд шаҳрида, ўша йилнинг декабрь ойида эса Бухоро ва Наманган вилоятларида чиқиндиларни олиб чиқиш бўйича ягона тарифлар белгиланган эди.

Ўтган йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон Қонунчилик палатаси маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш учун қарздорлик мавжуд бўлганда электр энергияси учун тўловни чеклаш тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Депутатлар тузатишларни фаол муҳокама қилди ва натижада чекловлар киритилгунга қадар қарзни тўлаш учун 5 кун вақт беришга қарор қилди. Ҳужжат Сенатга юборилган.