14 февралга ўтар кечаси Россиянинг фугасли жанговар қисмга эга зарба берувчи дрони Чернобиль атом станциясининг вайрон бўлган тўртинчи энергоблоки устида қурилган изоляция иншоотига келиб тушди. Бу ҳақда Украина президенти Владимир Зеленский маълум қилди.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, дрон изоляция иншоотига зарар етказган ва ёнғинни келтириб чиқарган, у аллақачон ўчирилган. «Ҳозирги вақтда радиация фони кўтарилмаган ва бу доимий равишда кузатиб борилмоқда. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ҳимоя бошпанасига жиддий зарар етган», — деди Зеленский.

«Украина бу бошпанани Европа ва дунёнинг бошқа давлатлари билан, Америка билан — одамлар учун ҳақиқий хавфсизликни истаган ҳар бир киши билан бирга қурди. Дунёда бундай обектларга ҳужум қилиши, атом станциялари ҳудудини эгаллаши ва оқибатлари билан умуман ҳисоблашмасдан жанг қилиши мумкин бўлган ягона давлат бу — бугунги Россия. Ва бу бутун дунё учун террорчилик таҳдиди», — деди Украина президенти.

Чернобиль 1986 йилда тўртта реактордан бири портлаб, дунёдаги энг оғир ядровий фалокат содир бўлган жой саналади. Ушбу реактор ҳозирда сақланиб қолган радиацияни ушлаб туриш учун саркофаг деб номланувчи ҳимоя бошпанаси билан ўралган.

Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ) станциядаги портлашни тасдиқлади. «13 февралдан 14 февралга ўтар кечаси соат 01:50 атрофида МАГАТЭ гуруҳи Чернобиль атом электр станциясида собиқ Чернобиль атом электр станциясининг тўртинчи реактори қолдиқларини ҳимоя қилувчи Янги хавфсиз конфайнмент (ЯХК)дан портлаш овозини эшитди, бу эса ёнғинга олиб келди. Уларга учувчисиз учиш аппарати ЯХК томига қулагани ҳақида хабар берилди», — дейилади ташкилот хабарида.

Фото: IAEA / X

МАГАТЭ маълумотларига кўра, ўт ўчириш хизматлари бир неча дақиқа ичида ишга киришган. «Ҳозирги вақтда ЯХК ички қисмида бузилиш белгилари йўқ. Ички ва ташқи радиация даражаси нормал ва барқарор бўлиб қолмоқда. Қурбонлар ҳақида хабар берилмаган», — дея қўшимча қилди агентлик.