Кам таъминланган оилалар фарзандларига таълим кредити фоизсиз берилади, қўшимча грант ажратилади, контракт тўловининг бир қисми қоплаб берилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Кўксарой қароргоҳида ёшлар билан учрашувда айтиб ўтди.
Мулоқотда камбағалликни қисқартиришнинг энг самарали ечими таълим экани таъкидланди. Шунинг учун кам таъминланган оилада ҳеч бўлмаганда битта фарзанд олий маълумотли бўлиши учун зарур шароитлар яратилади.
Яна бир янгилик — иқтидорли, билимга чанқоқ, лекин оғир оилавий шароити сабабли ўқиш имкониятига эга бўлмаган ёшларни хорижда ўқитишнинг янги тизими жорий этилди. Лойиҳа «Ёрқин истеъдод» деб номланади.
Мазкур лойиҳа доирасида ҳар бир маҳалладан ижтимоий ҳимояга муҳтож, билимга чанқоқ ёшлар саралаб олиниб, иқтидори аниқланади. Уларнинг салоҳиятига мос хорижий олийгоҳ танланиб, тайёргарлик курсларида ўқитилади.
Ҳар йили саралашдан ўтган 1 минг нафар ёшлар дунёнинг топ-100 олийгоҳларига юборилиб, ўқиш ва яшаш харажатлари қоплаб берилади.
Хорижда таълим олиб қайтган ёшлар Миллий кадрлар захирасига тўғридан-тўғри киритилади, улар давлат органларига танловсиз ишга олинади.