Yutong Bus (Хитой) компанияси Тошкент шаҳри учун қувватлантириш ускуналари бўлган 200 дона электробус етказиб бериш бўйича тендерда ғолиб чиқди, дея хабар бермоқда «Тошшаҳартрансхизмат» матбуот хизмати.
Танловда Хитойнинг учта компанияси иштирок этди: BYD Auto Industry, Yutong Bus ва Zhongtong Bus Holding.
«Yutong Bus талабларга тўлиқ жавоб бера олган компания сифатида танлов ғолиби деб эълон қилинди», — дейилади хабарда.
Компания халқаро маркетинг бўйича вице-президенти Сюй Пен бошчилигидаги делегациянинг Тошкентга ташрифи доирасида транспорт вазири Илҳом Маҳамов билан музокаралар ўтказилди.
Томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, жамоат транспортини «экологик тоза» турлари билан янгилаш, автобусларга сервис хизмати кўрсатиш кўламини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди, дея қайд этди «Тошшаҳартрансхизмат».
Транспорт вазирлиги матбуот хизматининг аниқлик киритишича, пойтахтга яна 1000 та автобус сотиб олиш бўйича истиқболли лойиҳа ҳам кўриб чиқилган.
Бундан ташқари, хусусий тадбиркорлар томонидан электробусларни сотиб олиш учун қулай шароитлар яратиш билан боғлиқ жиҳатлар ҳам муҳокама этилган.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил баҳорида Тошкентга 200 та 18 метрли ва 500 та 12 метрли табиий газда ишлайдиган автобус ҳамда 300 та 12 метрли электробус келтирилганди. 2022 йил бошида эса Yutong компанияси томонидан ишлаб чиқарилган 20 та электробус олиб келинган. Ҳудудларда ҳам автобус парклари босқичма-босқич янгиланмоқда.