2025 йил охиригача Тошкент шаҳридаги кўп қаватли уйларда эскирган 452 та лифт алмаштирилади. 13 февраль куни пойтахт ҳокими Шавкат Умурзоқов шаҳар инфратузилмасини 2025−2026 йиллар куз-қиш мавсумида фойдаланишга тайёрлаш чора-тадбирлари тўғрисида қарор қабул қилди.
Пойтахт ҳокимлиги маълумотларига кўра, шаҳарда 9101 та лифт мавжуд бўлиб, улардан 2042 таси ёки 22,4 фоизининг фойдаланиш муддати тугаган. 2025 йил охиригача 2042 та эски лифтдан 452 таси (22,1%) янгиланади.
Янгиланадиган лифтларни танлаш мезонлари 25 йилдан ортиқ хизмат муддати ва техник талабларга мос келмаслик ҳисобланади. Хавфсизлик стандартлари паст бўлган лифтлар устувор равишда алмаштирилади.
Ҳужжатга кўра, энг кўп лифтлар Шайхонтоҳур (63), Сергели (58) ва Мирзо Улуғбек (44) туманларида янгиланади.
Миробод ва Юнусобод туманларида 41 та, Чилонзорда 42 та, Олмазорда 35 та, Учтепада 22 та, Яккасаройда 25 та, Янгиҳаётда 17 та, Бектемирда 6 та лифт алмаштирилади.
Эскилари ўрнига ўрнатиладиган лифтлар OSTEN бренди остида бўлиб, «Технопарк»да ишлаб чиқарилади, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил апрель ойида лифт импорт қилувчи корхоналар мувофиқлик сертификатларининг амал қилиш муддати тугагани сабабли лифт импорти маълум муддатга тўхтатилган эди. Ўшанда бизнес очиқ рақобат талаб қилган. Муаммо Сенат аралашуви билан барҳам топди — сенаторларнинг илтимосидан сўнг сертификатлар бериш қайта тикланган.
Кейинчалик Рақобат қўмитаси лифт импорти муаммосини ҳал қилиш учун ҳукумат ва Геология вазирлигига таклифлар киритди. Хусусан, тадбиркорларнинг бекор қилинган 17 та мувофиқлик сертификатини тиклаш, лифтларни синовдан ўтказиш хизматлари бозорига хусусий секторни жалб қилиш таклиф этилди.