Ўзбекистонда фуқаролардан ишга киришда паспорт, меҳнат ва пенсия дафтарчаси талаб қилинмайди. Бу Меҳнат кодексига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги қонунда назарда тутилган, дея хабар бермоқда Адлия вазирлиги.
Ҳужжат билан давлат органлари ва ташкилотлари ишга қабул қилиш чоғида ишга кираётган шахснинг паспортига ёки идентификацияловчи ID-картасига, меҳнат дафтарчасига оид маълумотларни сўрамайди. Балки ахборот тизимларидаги идоралараро интеграциялашув платформалари орқали мустақил равишда олади.
«Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат мажмуида электрон шаклдаги меҳнат шартномасини расмийлаштириш тартиби жорий этилади.
Қонунга иш ҳақи сақланмайдиган таътил давомийлигини белгилаш тартиби, ходимнинг ўртача иш ҳақини ҳисоблаш тартибини ўзгартиришни назарда тутувчи ҳамда ходимлар кечки ёки сиртқи таълим шаклида ўқиши мумкин бўлган таълим ташкилотларининг турларини аниқлаштирувчи қўшимча ва ўзгартиришлар ҳам киритилмоқда.
Бундан ташқари, ҳомиладорлиги ёки фарзанди борлиги сабабли ходимни ишдан бўшатишга тақиқ жорий этилмоқда.
Давлат фуқаролик хизматчиларининг меҳнатга оид муносабатларига нисбатан меҳнат тўғрисидаги қонунчиликнинг амал қилиши «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонун билан тартибга солинмаган қисми бўйича татбиқ этилиши белгиланди.
Ҳужжат расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 1 июлдан шахсни тасдиқловчи ва бошқа ҳужжатларнинг my.gov.uz`даги электрон шакли расман тан олиниши хабар қилинганди. Уларнинг қоғоз нусхалари банкларда, нотариал идораларда, аэропорт, вокзал каби тегишли ҳужжатларни сўрайдиган ташкилотларда талаб этилмайди.