Ўзбекистонда ичимлик ва оқова сув учун тўловларни назоратчилар орқали нақд пулда қабул қилиш тўлиқ тўхтатилди. Бу ҳақда 12 февраль куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида «Ўзсувтаъминот» раиси ўринбосари Хуршид Раҳматуллаев маълум қилди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

2024 йилнинг 1 декабридан мамлакатда ичимлик ва оқова сув хизматлари учун тўловлар фақат электрон шаклда қабул қилина бошланди. «Ўзсувтаъминот» расмийсининг таъкидлашича, бу сўнгги икки йилда ҳудудлар кесимида истеъмолчиларни ўргатиш ва дастурий воситаларни такомиллаштириш учун босқичма-босқич жорий этилди.

«1 декабрдан назоратчилар томонидан эшикни тақиллатиб [аҳолидан] нақд пул йиғиш фаолиятлари тўхтатилган. Биз ушбу санадан кейин назоратчига берилган пулларнинг биллинг база ёки абонент ҳисобрақамида кўринишига кафолат бермаймиз», — деди у.

ичимлик суви, оқова сув, узсувтаъминот

Фото: АОКА

Хуршид Раҳматуллаев нақд пул шаклида амалга оширилган тўловлар ортидан қарздорлик ўчирилишига кафолат бермаслиги, бу жараёнда абонентлар ҳушёр бўлиб, тўловларни фақат электрон шаклда: банклар, инфокиосклар, тўлов тизимлари ва «Телеграм»даги махсус ботлар орқали амалга ошириш кераклигини таъкидлади. Ҳозирда ботдан фойдаланувчилар сони 26 мингга етган.

Унинг сўзларига кўра, назоратчилар томонидан қарздорлик қоғозларининг берилишига чек қўйилган. Бу каби ҳолатлар аниқланган тақдирда, «Ўзсувтаъминот» томонидан назоратга олиниб, тегишли чоралар кўрилади.

Раҳматуллаев бу каби қонун бузилиши ҳолатлари кузатилса, фуқаролардан 12 55 ягона қисқа ишонч рақамига, коррупция бўйича эса +998 55 555 10 55 ишонч рақамига мурожаат қилишларини сўради.

Аввалроқ, Бош вазир ўринбосари, Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров 1 мартга қадар 850 дан ортиқ маҳалладаги сув таъминоти муаммоси ҳал этилишини, бунинг учун 250 млрд сўм маблағ ажратилишини айтганди.