Фарғона шаҳри Бешбола маҳалласидаги ҳовлилардан бирига ўғриликка тушган йигит хонадон бекасини пичоқлаб ўлдирди. Бу ҳақда «Зўр ТВ» телеканали «Бу Кун» дастурида хабар берилди.

Маълум қилинишича, 1999 йилда туғилган йигит онлайн қимор сабаб қарзга ботган ва пулларни қайтариш учун ўзи яшаган ҳудуд ёнидаги маҳалла хонадонларидан бирига ўғриликка тушган.

«Тунги соат 01:30 атрофида хонадонга кириб, кўрпаларнинг орасидан пул қидирдим. Шу хонани текширдим, бу ерда туз ётганда, бошқа ҳеч нарса йўқ эди. Қайтиб чиқиб кетдим», — дейди айбланувчи.

Йигит ҳовлида қидирувни давом эттириб, аёл ва унинг болалари ухлаб ётган хонага боради. У бошига ниқоб кийиб олган ҳолда ичкаридан кимдир чиқишини кутиб туради. Шу вақтда аёл ташқарига чиққач, йигитни кўриб қўрқиб кетган ва бақирган.

Аёл хонага қайтиб киришга уринганда йигит унинг кўкрак соҳасига бир марта зарба бериб, воқеа жойидан қочиб кетган. Аёл эса шу жойнинг ўзида ҳалок бўлган.

Суд йигитни Жиноят кодексининг 97-модда 2-қисми ж банди (Ўта шафқатсизлик билан қасддан одам ўлдириш) ҳамда 164-модда 2-қисми в бандида (Уй-жойга, омборхона ёки бошқа биноларга ғайриқонуний равишда кирган ҳолда босқинчилик) назарда тутилган жиноятларда содир этганликда айбдор деб топиб, унга нисбатан умумий ҳисобда 17 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.