Ўзбекистон Профессионал футбол лигасида 2020 йилдан бери ёши кичрайтирилган 8 нафар футболчи аниқланган. Бу ҳақда лига ахборот хизмати хабар қилди.

Хусусан, лига 2024 йилги мавсумда илк профессионал шартномасини имзолаган 364 нафар футболчи орасида ёши кичрайтирилган 1 нафар футболчини аниқлади. Футболчи аслида 2004 йилда туғилган бўлса-да, унинг 2006 йилда туғилганлигини кўрсатувчи ҳужжат рўйхатдан ўтказилган.

Адлия вазирлиги хулосасига кўра, Лига футболчини рўйхатдан ўтказган клубдан мазкур ҳолатни қонун доирасида бартараф этишни талаб қилди. 7 февралгача футболчининг ҳужжатлари ҳақиқий туғилган йилига мос равишда расмийлаштирилди.

Лига 2020 йилдан буён Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда ўзининг илк профессионал шартномасини имзолаган футболчиларни текшириб келмоқда. Ушбу даврда ёши кичрайтирилган жами 8 нафар футболчининг ҳужжатлари тўғриланган:

  • 2020 йилда Қашқадарё вилоятидан 1 нафар;
  • 2021 йилда Жиззахдан 2 нафар ва Тошкент вилоятидан 1 нафар;
  • 2023 йилда Қашқадарёдан 2 нафар ва Самарқанд вилоятидан 1 нафар;
  • 2024 йилда Тошкент вилоятидан 1 нафар.

«Мазкур ишлар президентнинг 2019 йилдаги фармонида футболни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича белгиланган вазифалар ижроси доирасида амалга оширилмоқда», — дейилади хабарда.

Лига рақамлаштириш соҳасидаги ислоҳотлар туфайли бундай муаммоларни яқин йилларда буткул йўқ қилишга ишонч билдирди.