Олий Мажлис қонунчилик палатасининг 13 февраль куни ўтказилган мажлисида Солиқ кодексининг 483-моддаси, яъни вақтинчалик солиқ имтиёзлари бандига қўшимча киритиш масаласи кўриб чиқилди.

Унда паррандачилик соҳаси ва болалар соғломлаштириш оромгоҳларининг фаолиятига тегишли солиқ имтиёзлари бериш кўзда тутилган қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Хусусан, қонун лойиҳаси билан 2030 йил 1 январга қадар паррандачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектлари юридик шахслардан олинадиган ер солиғини (экин майдонларидан ташқари) тўлашдан озод этиш белгиланмоқда.

2027 йил 1 январга қадар бўлган даврда эса Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси тизимидаги стационар болалар соғломлаштириш оромгоҳлари бино-иншоотлари ва ер участкаларини ижарага беришдан олган даромадлари бўйича фойда солиғи, шунингдек, ижарага берилган объектлари ва улар эгаллаган ер участкалари бўйича юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғини тўлашдан озод этилиши назарда тутиляпти.

Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинди.