АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти Осиёнинг бир қанча давлатларидан, жумладан, Ўзбекистондан келган мигрантларни Панамага депортация қилди, деб ёзди New York Times ва Reuters.

АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари самолёти 12 февраль куни кечқурун Калифорниядан ҳавога кўтарилди. Самолёт бортида Ўзбекистон, Афғонистон, Хитой, Ҳиндистон, Эрон, Покистон ва Туркиядан келган 119 киши, жумладан, оилалар бўлган.

Панама президенти Хосе Рауль Мулино мигрантлар мамлакатга келганини тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, улар меҳмонхонага жойлаштирилган ва кейинчалик Колумбия билан чегарадош Дарьен провинциясидаги бошпанага олиб кетилади. У ердан АҚШ томонидан молиялаштирилган рейслар орқали ўз мамлакатларига қайтарилади. Жараён БМТнинг Халқаро миграция ташкилоти назорати остида ўтмоқда.

Рейс Панама ва АҚШ ҳукуматлари ўртасида бошқа давлатлар фуқароларини Марказий Америка мамлакатига депортация қилишга рухсат берувчи келишув бўйича биринчиси бўлди. Мулинонинг айтишича, АҚШ Панамага жами 360 кишини депортация қилади. Ҳарбий самолётларда яна иккита парвоз кутилмоқда, уларнинг саналари номаълум.

Панама ТИВнинг аниқлик киритишича, етиб келган муҳожирлар АҚШ чегарасини ноқонуний кесиб ўтгандан сўнг қўлга олинган ва улар муқаддам судланмаган.

CBS News’нинг таъкидлашича, АҚШ ҳукумати Африка ва Осиёдан келган муҳожирларни Шарқий яримшарга етиб бориш учун узоқ масофалар босиб ўтиши, шунингдек, ҳукуматларнинг Америка депортация рейсларини қабул қилишдан бош тортиши туфайли узоқ вақтдан бери депортация қилишда қийинчиликларга дуч келаётганди.

NYT, шунингдек, мигрантларнинг асл мамлакатлари уларни қайтариб олишни истамаяпти, деб ёзди.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ходимининг «Газета.uz»га маълум қилишича, АҚШ New York Times газетасининг Ўзбекистон АҚШ ҳукумати билан депортация бўйича ҳамкорлик қилмаётгани ҳақидаги «иддаосини қатъиян рад этади».

«Аксинча, Ўзбекистон икки томонлама фаол кун тартибининг тўлиқ спектри, жумладан, АҚШнинг муҳожирларни депортация қилиш бўйича сўровларига жавоб беришда АҚШнинг ишончли ва сезгир ҳамкори бўлган ва шундай бўлиб қолади», — деди у.

«Сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳукумати АҚШга ноқонуний кирган юзлаб фуқароларини депортация қилишга кўмаклашиш учун АҚШ расмийлари билан яқиндан ҳамкорлик қилди. Бу президент Трамп ва унинг янги маъмурияти учун устувор вазифа бўлгани сабабли биз яқинда Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликда саъй-ҳаракатларимизни фаоллаштирдик», — деди дипломатик миссия вакили.

  • 2023 йил декабрида АҚШ мамлакатга ноқонуний кирган 119 нафар Ўзбекистон фуқаросини депортация қилганди. АҚШ элчихонаси Ўзбекистон фуқароларини АҚШга саёҳат қилиш учун «хавфсиз ва қонуний» йўлдан фойдаланишга чақирган ва ноқонуний кириб келганлар «тез орада чиқариб юборилишини» таъкидлаганди. Дипломатик миссия, шунингдек, АҚШ мамлакатда қолиш учун ҳеч қандай қонуний асосга эга бўлмаган ўзбекистонликларни чиқариб юбориш бўйича Ўзбекистон ҳукумати билан «яқин ҳамкорликда ишламоқда».