Сирдарё туманидаги мактабларнинг бирида ўқувчининг онаси ўқитувчига нисбатан куч ишлатди. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ахборот хизмати ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, воқеа 12 февраль куни 1-сонли мактабда содир бўлган. Аёл фарзанди таҳсил оладиган синфга кириб, ўқитувчини ҳақоратлаган. Унга нисбатан куч ишлатиб, бир марта мушт туширган.

Тармоқда видео тарқалгач, ММТВ раҳбари Ҳилола Умарова ҳолат вазирлик томонидан назоратга олиниб, ўрганилаётганини маълум қилди. У ўрганиш натижаларига кўра тез орада маълумот берилишини ёзган.

Бироздан сўнг Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов фуқаро Х.Г. томонидан ўқитувчига зўравонлик қилингани ҳолати юзасидан Сирдарё вилояти ИИБ томонидан терговолди текширув ишлари олиб борилаётганини билдирди.

Шундан кейин Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Дилфуза Собирова ҳолат таълим бошқармаси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан атрофлича ўрганиб чиқилиб, аёлга нисбатан тегишли чора кўрилганини ёзди. Аёлнинг ўзи ҳам видеомурожаат билан чиқиб, қилган ишидан пушаймонлигини таъкидлади.

Вазирлик масъули «Педагогнинг мақоми тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, педагогнинг ҳуқуқлари, шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси давлат ҳимояси остида бўлиши ҳамда педагогнинг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик учун тегишли жавобгарлик белгиланганини эслатди.