Ўзбекистонда 2024 йилда «Ёшлар дафтари» орқали 345 миллиард сўмлик ёрдам кўрсатилди. Бу ҳақда 14 февраль куни президент раислигида ўтказилган йиғилишда маълум қилинди.
Йиғилишда таъкидланишича, ҳар йили меҳнат бозорига 600 мингдан ортиқ ёшлар кириб келмоқда. 2030 йилга бориб бу кўрсаткич 1 миллион нафарга етади. Бу давлат ва жамият зиммасига катта масъулият юклаши таъкидланди.
Қайд этилишича, бу борада ёшларни қўллаб-қувватлаш тизими яратилди. Биргина «Ёшлар дафтари» орқали ўтган йили 180 минг нафар ёшларга 345 миллиард сўмлик ёрдам кўрсатилди.
Ўтган 8 йилда ёш тадбиркорлар сони 3 карра кўпайиб, бугун бизнес вакилларининг салкам 40 фоизини ёшлар ташкил этмоқда. Ишсиз ёшлар 2 карра камайди. Ишсизликдан холи маҳаллалар сони 1 минг 889 тага етди.
Шу билан бирга, Шўрчи, Бувайда, Фурқат, Касби, Фориш туманларида ишсиз ёшлар кўплиги у ердаги раҳбарларнинг масъулиятсизлигидан далолатлиги кўрсатиб ўтилди, дейилади президент матбуот хизмати хабарида.