Ўзбекистонда ёшлар ишсизлигига барҳам бериш ишларини янги босқичга кўтариш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 14 февраль куни бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилди.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, ҳар йили меҳнат бозорига 600 мингдан ортиқ ёшлар кириб келмоқда. 2030 йилга бориб бу кўрсаткич 1 млн нафарга етади. У бу давлат ва жамият зиммасига катта масъулият юклашини таъкидлади.
Илгари олий таълимда 1 та ўрин учун камида 10 нафар йигит-қиз кураш олиб борар эди. Қисқа даврда олийгоҳлар сони 3 баробар оширилди, тизимда қамров 42 фоизга етди.
Хотин-қизларга контракти давлат томонидан қоплаб берилаётгани ҳисобига талаба қизлар сони 11 карра кўпайди.
«Мен бир ҳаётий фикрни такрорлашдан чарчамайман: битта қизни ўқитсак, бутун оилани ўқитган бўламиз. Оила билимли, маърифатли бўлса, бутун жамият билимли, маърифатли бўлади. Бу борадаги ишларни янада жадал давом эттирамиз», — деди Шавкат Мирзиёев.
Ўтган 25 йил ичида давлат ҳисобидан 800 нафар ёшлар хорижга ўқишга юборилган бўлса, биргина «Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали сўнгги 7 йилда 3 баробар кўп ўғил-қизлар бундай имкониятга эга бўлди.
Президент Ёшлар агентлиги хорижда ўқиётган ҳар бир талабага бош-қош бўлиб, эҳтиёжларини аниқлаши, ватанга қайтиб, ўз ўрнини топиши, муваффақиятли карьера қилиши каби масалаларда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги билан тенг масъул бўлишини таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев 2025 йилда ёшлар ишсизлигига барҳам бериш ишлари янги босқичга кўтарилиши таъкидлади.
Раҳбарлар ёшлар ишсизлигининг салбий оқибатларидан, ўз вақтида банд бўлмаган ёшлар билиб-билмай номақбул ишларга қўл уриши, диний радикализм таъсирига тушиб қолиши, жиноят кўчасига кириши мумкинлигидан огоҳлантирилди.
Юнусобод, Асака, Шароф Рашидов, Чироқчи, Пастдарғом туманлари, Олмалиқ ва Бухоро шаҳарларида бу борадаги ишлар қониқарсизлиги кўрсатиб ўтилди.
Ёшларни касб ва тилга ўқитиб, юқори даромадли ишларга жойлаштириш мақсадида бу йил бандлик бўйича катта дастур қабул қилинди. Бунинг учун жами 126 трлн сўм йўналтирилмоқда.
Унга кўра, маҳаллаларда 378 мингта микролойиҳа амалга оширилади, маҳалла банкирлари янги кредит маҳсулотлари ҳисобига 250 минг нафар одамни даромадли қилади.
Ёшларга юқори маошли ишга жойлашиш учун касблар ва чет тиллари ўргатилади.
Йиғилишда президент «Алоқабанк» 200 млн доллар ҳисобига ёшларнинг бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватловчи «ёшлар банки»га айлантирилишини маълум қилганди. Банк айрим ёш тадбиркорларга 7 йил муддатга 5 млрд сўмгача имтиёзли кредит ажратади. Миллий банкка олийгоҳ битирувчилари бандлигини таъминлаш учун 100 млн доллар ресурс берилади.