15 февраль куни ҲАМАС гуруҳи Исроил билан асирлар алмашинуви бўйича келишувларнинг олтинчи босқичи доирасида Қизил Хоч ходимларига гаровга олинган уч нафар исроилликни топширди, деб ёзмоқда The Times of Israel.

Ғазо жанубидаги Хон Юнус шаҳридан шарқда бўлиб ўтган алмашиш тадбирида Исроил ва Россия фуқароси Александр (Саша) Труфанов (29 ёш), Исроил ва АҚШ фуқароси Саги Декель-Хен (36) ва Исроил ва Аргентина фуқароси Яир Ҳорн (46) озод этилди.

Гуруҳ гаровга олинганларнинг ҳар бирига «озодлик гувоҳномалари», шунингдек, ҲАМАС талаб қилаётган чегаралардаги «Фаластин хариталари»ни топширди.

Шунингдек, бригадалар гаровга олинган уч нафар исроилликдан бирига Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳу ҳукумати учун мўлжалланган, уч тилда ёзилган «Вақт тугаб бормоқда» ёзуви туширилган қум соатини совға қилди, дея хабар берди Anadolu агентлиги.

Қизил Хоч ходимлари собиқ гаровга олинганларни Исроилга кузатиб борадиган ЦАХАЛ ҳарбийларига топширди.

Исроил шанба куни келишув доирасида 369 нафар фаластинлик маҳбусни озод қилиши керак.

  • Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги сулҳ январь ойи ўрталаридан бери амал қилмоқда. Келишувнинг биринчи босқичида ҲАМАС 33 нафар исроиллик асирни озод қилиш, Исроил эса 1900 дан ортиқ фаластинлик маҳбусни қамоқхоналардан озод этиш ва Ғазо секторидан қўшинларни олиб чиқишни бошлаш мажбуриятини олган.
  • 10 февраль куни ҲАМАС Исроилни тинчлик келишувларини бузганликда айблаб, гаровга олинганларни озод қилишни тўхтатганини эълон қилганди. Гуруҳ Исроил Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдамини ўтказмаётганини даъво қилган. Бунга жавобан Исроил расмийлари Ғазода шиддатли ҳарбий ҳаракатларни қайта бошлаш билан таҳдид қилди.
  • Шунингдек, АҚШ президенти Дональд Трамп Исроилни ҲАМАС билан ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувни бекор қилишга чақирди ва гуруҳдан шанба куни тушгача барча гаровга олинганларни қайтаришни талаб қилди, акс ҳолда, унинг сўзларига кўра, «жаҳаннам бўлади».
  • 13 февраль куни ҲАМАС Миср ва Қатар воситачилари Ғазо секторига гуманитар ёрдам етказилишига тўсқинлик қилаётган тўсиқларни бартараф этишга ваъда берганини ва сулҳ яна кучга кирганини билдирди.