Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати ОАВ ва интернет каналларида Хитой фуқаролари Тошкентдаги Миллий боғда «митинг» ёки «парад» ўтказгани ҳақидаги хабарларни рад этди.

Kun.uz эълон қилган видеода оқ рангли куртка ва футболка кийган бир гуруҳ одамлар хитой тилидаги ёзувлар туширилган қизил рангли плакат ва байроқларни ушлаб, нимадир деб бақираётганини кўриш мумкин.

Пойтахт ҳокимлигининг Kun.uz нашрига маълум қилишича, Хитой фуқаролари «Биз кучлимиз» дея ҳайқирмоқда. Шунингдек, буни хитойлик талабаларнинг анъанавий баҳорги акцияларидан бири деб тахмин қилишди. «Ҳудудни қўриқлаётган Миллий гвардия ҳам, Тошкент шаҳри ҳокимлиги ва ИИББ ҳам «оммавий тадбир»дан бехабар эди», — деб ёзди нашр.

«Аслида, 15 февраль куни Huawei компаниясининг ишчилари доимгидек шанба ва якшанба кунлари югуриш акциясини ўтказганлар», — деди ИИВ матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов.

«Баннерларда хитой тилида „Спорт — соғлиқ гарови, сиз ҳам югуриб, соғлом бўлинг“ деган ёзувлар мавжуд бўлган», — деди у.

«Бизнинг ҳам идора ва ташкилотлар ўрнак олса арзийдиган тадбир эканини эътироф этамиз», — дея қўшимча қилди ИИВ вакили.