2025 йил 13 февраль куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри Олмазор тумани судида вояга етмаган қизга шилқимлик қилган эркак устидан суд бўлиб ўтди. «Газета.uz» суд ҳужжатини ўрганди.
Унда қайд этилишича, 1998 йилда туғилган А.Ғ. 2024 йил 28 сентябрь куни таниши — 2007 йилда туғилган вояга етмаган қизни Олмазор туманидаги меҳмонхонага олиб бориб, шаҳвоний ҳаракатлар содир этган.
Суд тиббий экспертизасининг 2024 йил 22 октябрдаги хулосасига кўра, қизга енгил жароҳат етказилган.
Судда ҳуқуқбузар А.Ғ. юқоридаги ҳолатларни тасдиқлади, аммо қизнинг вояга етмаганини билмагани, қолаверса, қиз меҳмонхонага ўз хоҳиши билан борганини билдирди. У, шунингдек, ёмон нияти бўлмагани, қилган ишидан пушаймонлиги, оилавий ва моддий шароитини инобатга олиб, енгиллик беришни сўради.
Суд А.Ғ.ни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41−1-моддаси 1-қисми (Шаҳвоний шилқимлик) ва 52-моддаси 2-қисми (Қасддан енгил тан жароҳати етказиш)да назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилган деб топди.
Ҳукм ўлароқ айбланувчига 5 сутка маъмурий қамоқ ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари, яъни 750 000 сўм жарима тайинланди. Жазосини ўташ 13 февралдан бошлаб ҳисобланган.