Ўзбекистон аҳолисини ичимлик суви билан тўлиқ таъминлаш имконсиз. Бу ҳақда 12 февраль куни «Ўзсувтаъминот» раҳбарияти иштирокида АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида таъкидланди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Тадбирда сув таъминоти бўйича 2017−2022 йилларда 68 та, 2023 йилда 200 дан зиёд лойиҳа амалга оширилгани, 2024 йилда ичимлик сув етиб бормаган маҳаллаларга сув етказиш учун Стратегик ислоҳотлар агентлиги ва «Ўзсувтаъминот» АЖ томонидан 2 миллиард 350 миллион долларлик режа ишлаб чиқилганига қарамай, мамлакат аҳолиси ичимлик сув билан ҳалигача тўлиқ таъминланмаганига изоҳ сўралди.

«Ўзсувтаъминот» раиси ўринбосари Хуршид Раҳматуллаевга кўра, 2035 йилгача мамлакат бўйича марказлашган ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 95 фоизга етказилади.

«Очиғини айтаман, [мамлакат аҳолисининг ичимлик суви билан] таъминланганлик даражасини 100 фоизга чиқаришнинг имкони йўқ. Ҳозир биз 2035 йилгача бўлган стратегия устида ишлаяпмиз. 2035 йилга бориб республика бўйича марказлашган ичимлик суви билан таъминланиш даражасини 95 фоизга етказиш режа қилинган. Қолган 5 фоизи олис ва тоғли ёки тармоқ тортиш ишлари техник ва иқтисодий жиҳатдан ўзини оқламайдиган ҳудудларга тўғри келади. Уларга алтернатив манбалар, яъни водовоз ёки жойида сув таъминотини таъминлаш чоралари кўрилади», — деди у.

Унинг қайд этишича, ҳозирги кунда «Ўзсувтаъминот» хорижий ҳамкорлар иштирокида 2 миллиард 100 миллион долларлик лойиҳаларни амалга оширмоқда.

«Сув таъминоти борасидаги лойиҳаларга тўхталадиган бўлсак, бу жараёнларга маблағ ажратаётган Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда бошқа ташкилотларнинг лойиҳани танлашдан бошлаб, уни тасдиқлаш ва молиялаштиришгача бўлган жараёнлари бор. Буларнинг барчаси вақт талаб қилади. Ҳозирда Стратегик ислоҳотлар агентлиги, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда мазкур жараёнларни оптималлаштириш устида маълум бир ишлар амалга ошириляпти», — дея қўшимча қилди Хуршид Раҳматуллаев.

ичимлик суви, узсувтаъминот

Фото: АОКА

У аҳолини ичимлик суви билан таъминлашга қаратилган лойиҳаларнинг якунланиши, сифати ва самарадорлигига салбий таъсир кўрсатаётган омиллар ҳақида гапираркан, қуйидагиларни санаб ўтди:

«Биринчиси сабаб — технологик ечимлар. Ўзбекистоннинг географик жойлашуви, иқлимидан келиб чиқиб, чет эллик консултантлар ёки жалб қилинган экспертлар томонидан таклиф қилинаётган хорижий технологияларни ўрганиш маълум бир вақт талаб қилади. Европа ёки бошқа мамлакатларда ишлатиш мумкин бўлган технологиялар доим ҳам бизга тўғри келмайди.

Иккинчи омил шуки, бизда стандарт талаблари бироз юқори, яъни оқова сув тизимларидан ташланадиган сувларга нисбатан талаб юқори. Бир қатор Европа ёки ривожланган давлатларда тозаланган оқова сув денгиз, дарё ёки океанга чиқариб юборилади. Шу сабаб уларда бу талаблар бироз пастроқ. Бизда эса оқова сувлар асосан, ерга ёки кейинчалик фойдаланиладиган дарёларга оқизилади. Мазкур масалада ҳам тўғри ва яхши маънодаги баҳс-мунозаралар кетяпти. Бу ҳам лойиҳаларни ўз вақтида амалга оширишга маълум даражада таъсир қилади.

Учинчи масала эса қарз битимларини жалб қилишда албатта, Ўзбекистон манфаатларини максимал даражада ҳимоя қилиш зарур. Деярли ҳамма лойиҳаларимиз давлат кафолати остида жалб қилинади. Давлат кафолати остида бўлганидан кейин маблағларни ўз вақтида қайтарилиши ҳамда лойиҳаларни айтилган муддатда тугатилиб, ишга туширилиши учун Ўзбекистон тарафи маълум бир мажбуриятларни ўз бўйнига олади. Шу сабабли битим лойиҳасини пишиқ, пухта ва сифатли қилиб тайёрлаш ҳам вақт олади", — деди «Ўзсувтаъминот» расмийси.

Аввалроқ, бош вазир ўринбосари, Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров 1 мартга қадар 850 дан ортиқ маҳалладаги сув таъминоти муаммоси ҳал этилишини, бунинг учун 250 млрд сўм маблағ ажратилишини айтганди.