Сирдарё туманидаги 1-мактабда ўқитувчини калтаклаган фуқаро руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштирилди, дея хабар бермоқда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизмати.
13 февраль куни ижтимоий тармоқларда фуқаро Г. Х. дарс вақтида синфхонага бостириб кириб, ўқитувчини ҳақорат қилгани ва унга қўл кўтаргани акс этган видео тарқалганди ҳамда бу жамоатчилик ўртасида кескин муҳокамаларга сабаб бўлганди.
Вазирликнинг қайд этишича, ҳолат бўйича Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли бандларига кўра маъмурий иш қўзғатилиб, жиноят ишлари бўйича Сирдарё туман судида кўриб чиқилди.
Судга вилоят руҳий касалликлар шифохонаси томонидан берилган писихиатрик экспертиза хулосаси тақдим этилган. Ушбу экспертиза хулосасида қайд этилишича, Г. Х. ақлий заифлик енгил даражаси билан хасталанган ҳамда ҳуқуқбузарликни содир этган вақтда ўз ҳаракатларига жавоб бера олмаган.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, суд аёлнинг умумий тартибли руҳий касалликлар шифохонасида мажбурий даволаниши юзасидан ҳукм чиқарган.
Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова ҳолат юзасидан муносабат билдираркан, дарс жараёни ва педагоглар фаолиятига аралашиш ҳолатлари аниқланса, вазирлик зудлик билан ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилишини таъкидлади.
«Шуни тушуниб олишимиз керакки, мактабга дуч келган одам (дарс вақтида, ҳатто, ота-она ҳам) истаганича кириб-чиқиш, дарс жараёни ва педагоглар фаолиятига аралашиш, ўқитувчига дўқ қилиш уёқда турсин, маданият чегарасидан четга чиқиб гаплашишга ҳақли эмас. Ҳурматли ўқитувчилар, жонкуяр педагоглар, қадрли жамоамиз, сизнинг фаолиятингиз қонун билан ҳимояланган, қадр-қимматингизни ҳимоя қилиш учун барча имкониятимизни ишга солишга тайёрмиз», — дея ёзди у.
Эслатиб ўтамиз, аёлнинг ўзи ҳам видеомурожаат билан чиқиб, қилган ишидан пушаймонлигини таъкидлаган.