Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Кувайт амири Шайх Мишъал ас-Сабоҳ 17 февраль куни Ал-Кувайт шаҳридаги «Ал-Баян» саройида тор доирада учрашув ҳамда расмий делегациялар аъзолари иштирокида музокара ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар қилди.

Суҳбат аввалида Шавкат Мирзиёев кўрсатилаётган самимий қабул ва юксак эътибор учун амирга миннатдорлик билдириб, Кувайт етакчиси ва дўст халқини яқинлашиб келаётган миллий байрамлар билан қутлади.

Президент Кувайтда муваффақиятли амалга оширилаётган, мақсад ва вазифалари Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг узоқ муддатли устувор йўналишларига ҳамоҳанг бўлган «Нигоҳ 2035» давлат дастурини алоҳида қайд этди.

шавкат мирзиёев, қувайт

Савдо-иқтисодий, инвестициявий, инновацион ва молиявий-техник соҳалардаги ҳамкорлик масалаларига эътибор қаратилди.

«Яшил» энергетика, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика, инфратузилма, шаҳарсозлик, соғлиқни сақлаш, туризм соҳалари амалий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида белгиланди.

Қўшма лойиҳаларни илгари суриш мақсадида Инвестиция платформаси ва Ишбилармонлар кенгаши каби механизмларни йўлга қўйиш, шунингдек, Ал-Кувайт шаҳрида савдо уйини очиш бўйича келишувга эришилди.

Янги шериклик дастури доирасида Кувайт араб иқтисодий тараққиёт фонди билан лойиҳалар портфелини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Кувайтда маданият ва туризм ҳафталикларини ўтказиш, икки мамлакат вакилларининг санъат, мусиқа, кино, таълим ва спорт соҳаларидаги маданий-гуманитар тадбирларда фаол иштирок этишига кўмаклашишга келишиб олинди.

шавкат мирзиёев, қувайт

Учрашувда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Қўшилмаслик ҳаракати ва бошқа нуфузли тузилмалар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.

2025 йил май ойида Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган «Марказий Осиё — Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши» мулоқоти саммитига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича қўшма чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Етакчилар халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.

Музокаралар якунида икки давлат раҳбарлари кенг қамровли шерикликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қарор қилдилар. Ўзбекистон президенти Кувайт Амирини мамлакатимизга ташриф билан келишга таклиф этди.