Ўзбекистоннинг яна икки шаҳри Туркия шаҳарлари билан биродарлашди: Навоий Зейтинбурну муниципалитети билан ва Шаҳрисабз Пендик шаҳри билан. Бу ҳақда «Юксалиш» ҳаракати ахборот хизмати «Газета.uz»га маълум қилди. Шу кунларда Самарқанд ва Конья ўртасида биродарлик алоқалари ўрнатилгани ҳақида хабар берилганди.
Ҳужжатлар Ўзбекистон ҳокимларининг малака ошириш дастури доирасида Навоий шаҳри ҳокими Дилмурод Эргашев ва Зейтинбурну муниципалитети ҳокими Омер Арисой, шунингдек, Шаҳрисабз шаҳри ҳокими Шерзод Бўриев ва Пендик шаҳри ҳокими Аҳмет Жин томонидан имзоланди.
Битимлар иқтисодий ҳамкорлик, таълим, соғлиқни сақлаш, ёшлар сиёсати, спорт ва туризм соҳаларини ривожлантириш, маданий меросни асраш, экологик ташаббуслар, энергетика, ахборот технологиялари ва транспорт каби йўналишларни қамраб олади. Бундан ташқари, мутахассислар алмашинуви, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, бизнес ҳамжамиятлари ўртасидаги ҳамкорлик масалаларига тўхталиб ўтилди.
Зейтинбурнуда Ўзбекистон ҳокимлари замонавий шаҳарсозлик лойиҳалари билан танишди. Шаҳар муҳитини яхшилаш, экология ва инфратузилма бўйича инновацион ечимларни жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Делегация таркибига Турк дунёси муниципалитетлари иттифоқи (TDBB) аъзолари бўлган Самарқанд, Навоий, Фарғона, Шаҳрисабз ва Янги Наманган туманлари ҳокимлари кирди. Иттифоқ 2003 йилда туркий тилли мамлакатлар ва минтақалар ўртасида шаҳар бошқаруви соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ташкил этилган. Унинг таркибига 30 мамлакатдан 1200 га яқин муниципалитетлар киради.
Делегацияга «Юксалиш» ҳаракати раҳбари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва саноат масалалари қўмитаси раиси Бобур Бекмуродов раҳбарлик қилмоқда.
Дастур тажриба алмашиш, шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш, иқтисодий ўсиш ва шаҳар ресурсларидан самарали фойдаланишнинг замонавий усулларини ўрганиш имконини берди, деб хабар берди «Юксалиш».