Самарқандда энергетика соҳасида коррупцияга қарши курашиш бўйича ўтказилган йиғилишда электр ва газ таъминоти корхоналарининг 7 нафар ходими мажлислар залида қўлга олинди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 2025 йил 14 февраль куни бош прокурор ўринбосари Шоҳруҳ Аминов раҳбарлигида Самарқанд вилоятида энергетика соҳасида содир этилаётган коррупсион ҳолатлар ҳамда тизимни «коррупциясиз соҳа»га айлантириш бўйича танқидий йиғилиш ўтказилган.
Унда, «Ҳудудий электр тармоқлари» ва «Ҳудудгазтаъминот» акциядорлик жамиятлари Самарқанд вилояти ҳамда туманлар ва шаҳарлар филиаллари ходимлари, шунингдек, бошқа масъуллар иштирок этган.
Йиғилиш жараёнида таъминот корхоналарининг коррупциявий жиноятларни содир қилганликда айбланган 7 нафар ходимига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.
Шунингдек, йиғилиш сўнгида соҳадаги коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида таъминот корхоналари раҳбарларига соҳада кескин ўзгаришлар қилиш, ижро ва меҳнат интизомини қатъий таъминлаш, айниқса, ходимлар ўртасида профилактика чораларини янада кучайтириш бўйича топшириқлар берилган.