Ўзбекистон илмий кадрлар тайёрлаш тизимида 2017 йилги ислоҳотлар на тизимни такомиллаштирди, на унда тайёрланаётган илмий кадрлар сифатини оширди. Higher Education Policy илмий журналида чоп этилган «Ўзбекистонда докторантурани ислоҳ қилиш: моделлар, қоидалар ва хулқ-атвор меъёрлари»га бағишларган мақола муаллифлари шундай хулосага келди.

Тадқиқот муаллифлари Қобил Рўзиев (Ғарбий Англия университети, Буюк Британия), Дилшода Раббимова («Янги Ўзбекистон» университети) ва Моҳидил Мамасолиева (Суррей университети, Буюк Британия)нинг таъкидлашича, бу ислоҳотлар сифатни яхшилаш ўрнига илмий даража олишнинг ҳимояга чиқиш учун зарур бўлган диссертациялар ёки илмий мақолаларни бошқаларга ёздириш, шунингдек, илмий тадқиқот натижаларини паст сифатли — «йиртқич» журналларда нашр эттириш каби эгри йўллари кенг оммалашишига олиб келди. Бундан ташқари, докторантурада ўқитишнинг Ўзбекистонда шаклланган модели сифатли илмий тадқиқот учун зарур бўлган билим ва кўникмаларни узатиш имконини бермайди.

Таълим соҳаси мутахассиси Комил Жалилов «Газета.uz» илтимосига кўра тадқиқотни таҳлил қилиб, шу мавзу юзасидан мутахассислар билан суҳбатлашди. Уларнинг фикрича, муаммоларнинг илдизини фақат Ўзбекистон олий таълим тизимининг хусусиятларидан эмас, балки мактаб тизимиданоқ излаш керак.

Ортга қайтган ислоҳотлар: икки босқичли докторантурадан бир босқичли докторантурага ва аксинча

Муаллифларнинг таъкидлашича, 2012 йили докторантура тизимини таълимнинг учинчи — охирги босқичи докторантура ҳисобланувчи Болонья тизими талабига яқинлаштириш мақсадида президент фармони билан илмий кадрларни тайёрлашнинг Совет Иттифоқидан мерос қолган икки босқичли тизими бекор қилинган, бироқ 2017 йилда у илмий даражалар учун ўзгартирилган номлар билан қайта жорий этилган.

Дарҳақиқат, 2012 йилда президент фармони билан 2010 йилги президент қарори асосида жорий этилган стажёр-тадқиқотчи-изланувчилар институтлари тугатилди ва олий таълимдан кейинги таълимнинг «умумэътироф этилган халқаро талаблар ва стандартларга мувофиқ» фан доктори илмий даражасини ҳимоя қилиш ва беришни назарда тутувчи бир босқичли тизими жорий этилди. Фармон муқаддимасида қайд этилишича, «илмий кадрларни аттестациядан ўтказишнинг амалдаги икки босқичли тизими (фан номзоди ва фан доктори) иқтисодий ривожланган демократик мамлакатларда қабул қилинган олий малакали илмий кадрлар тайёрлашнинг замонавий, халқаро тан олинган талабларига мос келмайди». «Бугунги кунда амал қилаётган олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш тизими таълим жараёни бакалавриат ва магистратура стандартларига ўтказилгандан сўнг номзодлик диссертацияларини ҳимоя қилиш моҳиятан ортиқча эканлигини кўрсатмоқда ҳамда фан доктори илмий даражасини олиш учун тўғридан-тўғри диссертацияни ҳимоя қилишни назарда тутувчи олий ўқув юртидан кейинги таълимнинг бир босқичли тизимини жорий қилиш зарурлигини тақозо этмоқда», — дея таъкидланган эди ҳужжатда.

Бироқ президентнинг 2017 йилдаги фармони билан Ўзбекистон яна икки босқичли тизимга қайтди, фақат бошқа номлар билан: фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини берувчи таянч докторантура ва фан доктори (DSc) илмий даражасини берувчи докторантура. Фармон муқаддимасида бир босқичли докторантурадан воз кечиш «олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ҳамда аттестациядан ўтказиш тизимининг сифати ва самарадорлигини тубдан ошириш», «илмий-тадқиқот фаолиятида ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ҳар томонлама рўёбга чиқариш имкониятларини кенгайтириш» зарурати билан изоҳланади. Кейинчалик олий таълимдан кейинги таълимнинг икки босқичли тизими — PhD ва DSc даражалари «Таълим тўғрисида»ги қонунда мустаҳкамланди.

Тадқиқот муаллифлари икки босқичли тизимга қайтишнинг бошқа сабабларини ҳам келтиради. Улардан бири — илмий кадрлар тайёрлаш тизими имкониятларининг диссертация ҳимоясига рухсат олиш учун илмий тадқиқот натижаларини нашр эттиришнинг янги талабларига мос келмаслигидир. Изланувчилар учун халқаро эътироф этилган илмий журналларда мақолалар чоп этиш талаблари «деярли имконсиз» даражага етди. Бу эса таълим муассасалари, олимлар ва изланувчилар орасида ислоҳотдан норозиликни келтириб чиқарди.

Яна бир сабаб, тадқиқот муаллифларининг фикрича, фан доктори илмий даражасини совет даврида олган «эски мактаб» вакилларининг норозилиги эди. Бир босқичли тизимда янги фан доктори даражасини улар иккита диссертация (номзодлик ва докторлик) ҳимоясидан сўнг олган фан доктори даражасига тенглаштириш уларнинг нафақат иззат-нафсига тегди («бизнинг давримизда фан докторлари кам эди»), балки моддий манфаатларига ҳам (уларнинг даромадлари ([rent-seeking] income) тенг ярмига қисқарди) путур етказди, дея таъкидлайди тадқиқот иштирокчиларидан бири.

Қизиғи шундаки, кўплаб мамлакатларнинг миллий малака тизимларида «тегишли соҳанинг энг илғор чегаралари ва билим соҳалари туташган соҳа»га оид билимларни, «тадқиқот ва/ёки инновациялардаги муҳим муаммоларни ҳал қилиш, шунингдек, мавжуд билимлар ёки касбий амалиётни кенгайтириш ва қайта кўриб чиқиш учун зарур бўлган энг илғор ва ихтисослаштирилган кўникмалар ва усулларни, жумладан, синтез ва баҳолашни» талаб қиладиган саккизинчи даража бир даражали докторантурага тўғри келади. Бундан сўнг тегишли соҳада фалсафа доктори (PhD) даражаси ёки унга тенглаштирилган даража берилади.

Ўзбекистон Миллий малака тизимида саккизинчи даража ҳам PhD, ҳам DSc даражаларини ўз ичига олади. Моҳиятан, диссертациялар ва ҳимояга рухсат бериш талаблари сезиларли даражада фарқ қилса-да, икки хил даражага эга бўлганларнинг билим ва кўникмаларига қўйиладиган талаблар ажратилмаган. Дунёнинг топ-300 университетларида олинган PhD даражасининг Ўзбекистондаги DSc даражасига тенглаштирилиши ҳам бу икки расман фарқли босқичлар ўртасидаги билим ва кўникмалар фарқи бўйича аниқ тушунча мавжуд эмаслигини кўрсатади.

Ўзбекистонда докторантура муаммолари

Тадқиқот муаллифларининг таъкидлашича, Ўзбекистонда докторантларни тайёрлаш «илмий раҳбар — изланувчи» тизимига асосланган. Докторантурага қабул қилинган изланувчи илмий раҳбарга бириктирилади ва унинг раҳбарлигида ўзи илмий тадқиқот олиб боришни режалаштирган соҳани ҳамда илмий тадқиқот усулларини мустақил равишда ўрганиши лозим. Изланувчи ўзи учун шахсий иш режасини тузади ва режа илмий раҳбар томонидан тасдиқланади. Бу режа изланувчи ўрганиши керак бўлган адабиётлар, конференцияларда иштирок этиш, мақолалар чоп эттириш каби бошқа фаолиятларни ўз ичига олади. Изланувчи вақти-вақти билан режанинг бажарилиши тўғрисида университетга ҳисобот бериб туради.

Бундай ёндашувда университетлар докторантлар ва уларнинг раҳбарларини тадқиқот ўтказишнинг илғор усуллари бўйича ўқитиш имкониятига эга эмас. Қайд этилишича, кўпинча илмий раҳбарларнинг ўзи ўз фан соҳаси бўйича замонавий тадқиқот усуллари ва фаннинг сўнгги ютуқлари ҳақида етарли билимга эга бўлмайди. Бундан ташқари, раҳбарларнинг ўзларида хорижий тилларни билмаслиги сабабли нуфузли халқаро рецензияланадиган журналларда мақола чоп этиш тажрибаси кам.

Кўпгина мамлакатларда фан докторларини тайёрлаш институционал масъулият сифатида қаралади: тартибга солиш, бўлажак докторларни тайёрлаш сифатини таъминлаш ва уларни ўқитиш graduate schools — докторантура бўлимлари орқали амалга оширилади. Докторантурада ўқиш жараёни илмий тадқиқот ва диссертация ҳимоясидан ташқари, модулларни (курсларни) ўрганиш ва семинарларда иштирок этишни ўз ичига олади. Бу изланувчига илғор тадқиқот усуллари бўйича зарур назарий асос ва кўникмаларни беради, шунингдек, фикр ва тажриба алмашиш имкониятини яратади. Ўқув дастурларидан тадқиқотни ишлаб чиқиш, тадқиқот усуллари, маълумотларни тўплаш ва улардан фойдаланиш, фан эпистемологияси, тадқиқот олиб бориш ва унинг натижаларини нашр этиш этикаси, фанлараро танқидий таҳлил каби йўналишлар ўрин олган. Шунингдек, докторантларга сунъий интеллект ва машинавий ўрганишдан тадқиқот воситаси сифатида фойдаланиш, матнли ва визуал маълумотлар, ижтимоий тармоқлардан олинган маълумотлар ва «катта маълумотлар» (big data)дан фойдаланиш ўргатилади.

Тадқиқот муаллифлари, шунингдек, кўпинча Ўзбекистон университетлари докторантлар ва уларнинг илмий раҳбарларига замонавий билим маълумотлар базаларидан фойдаланиш имкониятини тақдим эта олмаслигини таъкидлайди. Фақат айрим «элитар» университетларгина халқаро маълумотлар базаларига обуна бўлиш имкониятига эга. Бу эса тадқиқотчиларга нуфузли халқаро рецензияланадиган журналларда мақола чоп этиш ва юқори сифатли оригинал тадқиқотлар олиб боришни сезиларли даражада қийинлаштиради. Етарли молиялаштирилмаслик ва салоҳиятнинг етишмаслиги ҳам олий таълим муассасаларининг жаҳон илмий ҳамжамиятига қўшилишига, бошқа мамлакатлар тадқиқотчилари билан ҳамкорлик қилишига тўсқинлик қилмоқда.

Тадқиқотда Ўзбекистондаги докторантуранинг кўплаб мамлакатларда қабул қилинган тизимдан яна бир муҳим фарқи — илмий даражалар беришнинг марказлаштирилганлиги қайд этилган. Кўпгина мамлакатларда фан доктори даражаси (ёки унинг эквиваленти) университет томонидан берилади: изланувчи одатда диссертацияни оғзаки ҳимоя қилади, имтиҳон ҳайъати эса касбий мулоҳазага (professional judgement) ва даражани берувчи университет қоидаларига асосланиб, номзоднинг иши сифатини ўрганади ва баҳолайди. Ҳукуматнинг вазифаси эса университетлар амал қилиши лозим бўлган умумий ҳуқуқий асосларни белгилашдан иборат.

Диссертация нашр этиш учун етарли даражада сифатли (publishable quality) бўлиши кутилса-да, ҳимоядан олдин нашр этишнинг қатъий талаби йўқ.

Ўзбекистонда илмий даражалар бериш марказлаштирилган: Олий аттестация комиссияси (ОАК) диссертацияни ҳимоя қилишдан олдин мақолалар чоп эттиришга, чоп эттирилиши зарур бўлган мақолалар сонига қўйиладиган талабларни белгилайди, шунингдек, диссертация ҳимоясидан олдин «тадқиқот натижаларининг жорий этилганлиги» тўғрисидаги ҳужжатларни талаб қилади. Бундай ёндашувда сифатни таъминлаш кўрсатма ва қоидаларга расман мос келишдан иборат бўлиб қолади. «Сифатни таъминлашга бундай мураккаб жараёнларга асосланган ёндашув кераксиз бюрократияни келтириб чиқаради ва, бундан ҳам муҳимроғи, меъёрлар нуқтаи назаридан ахлоқсиз ва коррупцион амалиётларни чекламайди, балки рағбатлантиради».

ОАК томонидан қўйиладиган расмий талабларга жавоб бериш учун тадқиқотчилар мақолаларни бошқаларга ёздириш (ghostwriting) ва мақолаларни маълум бир тўлов эвазига тақризсиз ёки таҳрирсиз ва сифатидан қатъи назар чоп этиб берадиган «йиртқич» журналларда нашр этиш каби ахлоқсиз ва коррупцион усуллардан фойдаланади.

Таъкидлаш жоизки, бу муаммолар бошқа муаллифлар томонидан ҳам кўтарилган. Масалан, Герт-Рудигер Вегмарсхаус шундай ёзади: «Тизим давлатнинг қатъий ва ҳар томонлама назорати остида ишлайди. Ўз маъмурий аппаратига эга бўлган президент, Олий аттестация комиссияси ва тегишли вазирликлар олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари фаолиятини тўлиқ белгилаб беради. Барча битирув ишлари Олий аттестация комиссияси томонидан назорат қилинадиган аттестация тизими Ғарб либерал демократияларида мавжуд бўлган академик тизимдан кескин фарқ қилади».

Иброҳим Ғаниев ва унинг ҳаммуаллифлари Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти соҳасида докторлик тадқиқотлари билан боғлиқ вазиятга бағишланган тадқиқотида таъкидлашича, «мақола нашр қилишга қўйиладиган меъёридан ортиқ талаблар докторантларга қўшимча юклама беради ва уларни тадқиқотнинг ўзидан чалғитади. Докторантлар бу талабни бажаришнинг уддасидан чиққан тақдирларида ҳам, жуда кам сонли мақолаларгина халқаро рецензияланадиган журналларда эълон қилинади».

EurasiaNet нашрида эълон қилинган «Ўзбек тадқиқотчилари босим остида академик муҳитни сафсата билан тўлдирмоқда» сарлавҳали мақолада шундай дейилади: «Ўзбекистон Олий аттестация комиссиясининг „деярли имконсиз“ талабларидан бири докторантлар томонидан камида 10 та илмий мақола (шу жумладан, биттаси хорижда) чоп этишдир». Мақола муаллифи қизиқарли статистикани келтиради: 2010 йилгача Ўзбекистондан мақолаларнинг 90 фоизи нуфузли халқаро журналларда чоп этилган бўлса, 2018 йилга келиб бу кўрсаткич 2 фоизга тушган: мақолаларнинг 98 фоизи «йиртқич» журналларда чоп этилган, бу эса Ўзбекистон олимларини «баъзи олимлар очиқчасига „сафсата“ (bullshit)деб атайдиган тадқиқотларни тарқатишда жаҳон етакчиларига» айлантирган.

Бошқа ахлоққа зид ва коррупцион амалиётлар қаторида тадқиқот муаллифлари диссертациянинг изланувчи учун бошқалар томонидан ёзиб берилишини ҳам таъкидлайди. «Диссертация ёзиб бериш хизматининг мавжудлиги — ҳаммага аён бўлган сир. Ҳар бир олий ўқув юртида шундай хизматларни таклиф қилиш билан танилган шахслар бор… Менинг тажрибамга кўра, докторлик диссертацияларининг ярмидан кўпини ёзишда ана шундай ахлоққа зид усуллардан фойдаланилган», дейди тадқиқот суҳбатдошларидан бири. Тадқиқотда битта диссертация ёзиб бериш учун 3000 дан 5000 АҚШ долларигача бўлган рақамлар келтирилган, гарчи мендаги маълумотларга кўра, нархлар икки баравар юқори бўлиши мумкин. Шундай ҳоллар ҳам бўладики, «илмий раҳбарлиги остидагилар» учун раҳбарнинг ўзи ёзиб беради ёки уларни ўзига «буюртма» беришга ундайди.

Тадқиқотда қайд этилган яна бир муаммо — ҳимояга чиқишда таниш-билишлардан фойдаланиш. «Номзодларнинг аксарияти ўз даражаларини кучли академик компетенциялар туфайли эмас, балки яхши таниш-билишчилик алоқалари ва молиявий ресурслар эвазига олади», дея иқтибос келтирилади тадқиқотда ва тадқиқот муаллифлари хулоса қилади: «Меъёрлар заиф, ресурслар эса қимматли ва чекланган шароитда эксклюзив ва экстрактив (ажратиб олувчи) шахслараро алоқаларга қарамлик кучаяди… Бундай амалиёт нафақат тадқиқотчиларнинг меҳнат қилиш ва сифатли тадқиқотлар ўтказиш истагини сўндиради, балки бундай эксклюзив ва экстрактив алоқаларнинг бир қисми бўлмаган истеъдодли одамларни камситади ҳам».

Муаммонинг илдизи бакалавриат ва мактабга бориб тақалади

Тадқиқот муаллифлари «билимлар ривожига ҳисса қўшиш ва уларни амалда қўллашга лаёқатли тадқиқотчиларнинг кейинги авлодини тайёрлаш»ни мақсад қилган докторантуранинг «идеал» моделини совет ва ўзбек докторантура тизимлари билан таққослаб, Ўзбекистонда илмий кадрлар тайёрлаш муаммоларини таҳлил қилган ҳолда, муаммонинг илдизларини Ўзбекистондаги олий таълим тизими хусусиятларида кўриб чиқишга ҳаракат қилади.

Олий таълимнинг классик Гумбольдт моделининг ўзига хос хусусиятларидан бири — академик эркинлик, илмий ва ўқитиш фаолиятининг уйғунлашуви ҳамда билимларни ишлаб чиқаришга узоқ муддатли эътибор қаратишдир. ХХ аср охирида пайдо бўлган неолиберал моделда бу хусусиятлар ҳукумат, бизнес ва жамоатчилик эҳтиёжларига жавоб берадиган тадқиқот ва ўқитиш фаолиятининг амалий қийматини кўрсатиш зарурати билан уйғунлашади.

Ушбу моделлардан фарқли ўлароқ, олий таълимнинг совет модели қатъий иерархия, давлат томонидан қатъий белгиланган чегараларда академик эркинлик, тадқиқот ва ўқитиш фаолиятининг аниқ чегараланиши билан ажралиб туради. Олий таълим муассасаларининг фаолияти илмий тадқиқотларга эмас, балки, асосан, мутахассислар тайёрлашга қаратилган эди. Олий ўқув юртлари ўзларининг ўқув дастурларини тасдиқлаш ваколатига эга эмас, балки вазирлик томонидан тасдиқланган стандарт дастурларни амалга оширишлари керак эди.

Бу хусусиятларнинг барчаси 1991 йилда СССР парчаланганидан кейин Ўзбекистонга мерос бўлиб ўтди. Тадқиқот муаллифларининг фикрича, Ўзбекистон олдида ўқитувчининг мавқейи (teacher-centered), давлатнинг тўлиқ назорати ва жаҳон илмий ҳамжамиятидан яккаланиш билан тавсифланувчи касбга ўқитишга йўналтирилган олий таълим моделидан тадқиқот ва ўқитиш уйғунлиги, академик эркинлик ҳамда муассасалар ва шахслар ўртасидаги меритократик рақобатга асосланган парадигмага ўтишдек жиддий вазифа турибди.

Амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ва чекловлар ОТМларга академик эркинлик бермаётгани ва кредит тизимининг моҳиятини йўққа чиқараётгани, бу эса маҳаллий ОТМларнинг жаҳон таълим маконига қўшилишини имконсиз қилиб қўяётгани ҳақида аввалроқ ёзган эдим. Ўшандан бери вазият унчалик ўзгармади.

Тадқиқот муаллифларининг таъкидлашича, докторантура муаммолари — «айсбергнинг чўққиси», холос. Танқидий фикрлаш ва тадқиқот фаолияти кўникмаларини ривожлантирмайдиган бакалавриат ва магистратура дастурлари ислоҳотларга муҳтож.

Мақолани тайёрлаш жараёнида мен билан суҳбатлашган мутахассислар бизнинг шароитда муаммонинг илдизини мактабданоқ излаш кераклигини таъкидлади. Танқидий фикрлаш, таҳлил қилиш, таққослаш, хулоса чиқариш каби кўникмалар, шунингдек, ҳалоллик, бировнинг ишини кўчириб олиш ва ўзиники қилиб кўрсатишга йўл қўймаслик каби тушунчалар мактаб партасидаёқ шакллантирилиши керак.

Бироқ, мен аввал ҳам таъкидлаганим ва PISA, PIRLS, TIMSS каби халқаро тадқиқотлар натижалари кўрсатиб турганидек, мактаб таълимининг мақсад ва вазифалари аниқ кўрсатилган ягона ва самарали ҳужжат — ўқув дастурининг (curriculum) мавжуд эмаслиги, ахборот узатиш ва қуйи даражадаги когнитив кўникмаларга эътибор қаратиш, тегишли дарсликларнинг етишмаслиги, гоҳ Финляндия, гоҳ Сингапур моделлари билан доимий тажрибалар, ёдлаш ва кўчириб ёзишни меъёрлаштирувчи янги баҳолаш тизими каби муаммолар мавжуд экан, бакалавриат, магистратура ва докторантурага танқидий фикрлайдиган, муаммоларни ҳал қила оладиган ва илм-фанни олдинга силжитадиган мутахассислар келишини кутиш қийин

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.