Сирдарё вилоятининг Сирдарё туманида метан заправка 5,7 млрд сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдалангани аниқланди. Бу ҳақда «Ўзэнергоинспекция» ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 8 февраль куни инспекция марказий аппарати мутахассислари томонидан туманда жойлашган «П. М. Г.» МЧЖга қарашли автомобилларга газ тўлдириш шохобчасида назорат тадбири ўтказилган.

Мутахассислар шохобчанинг газ ҳисоблагичи кўздан кечириш учун борганда, ускуна ўрнатилган хонадан номаълум шахс қўлида кабель кўтарган ҳолда чиқиб келган ва текширувчиларни кўриб қочиб кетган.

Шундан сўнг газ ҳисоблагич кўздан кечирилганда ҳисоблагичнинг алоқа тармоғи (порти) узилмагани кузатилиб, ҳисоблагичга ташқи таъсир кўрсатилгани шубҳа қилиниб, ускуна конфигурацияларини текширтириш учун ечиб олиниши билдирилганда, АГТКШ раҳбарлари томонидан тўсқинлик қилинган ва ҳисоблагични ечиб олишга қаршилик кўрсатилган.

Шу вақтда кутилмаганда Сирдарё тумани ИИБ тезкор вакили келиб, «Ўзэнергоинспекция» мутахассиси А.Н. га тегишли автомашинани кўздан кечириб, шубҳали равишда номаълум модда топиб, воқея жойидан мутахассисни олиб кетган, дейилади идора ахборотида.

Ушбу ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган текширувларга кўра (АГТКШнинг видео камераларида қайд этилган лавҳаларга кўра) ҳодиса шохобча масъул шахслари томонидан қасддан уюштирилгани аниқланган.

Тадбир давомида жамиятга қарашли газ ҳисоблаш ускунаси маълумотлар базасига ташқи таъсир кўрсатилгани маълум бўлган. Дастлабки ҳисоб-китобларига асосан, давлат манфаатларига етказилган зарар миқдори 5 млрд 740 млн сўмни (2,2 млн куб метр) ташкил этган. Аниқланган ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун прокуратура органига юборилди.

Инспекцияга кўра, ушбу тадбиркорлик субъектида табиий газдан ноқонуний фойдаланиш такроран содир этилган. 2024 йилда мазкур АГТКШ раҳбарига қарашли Сирдарё вилоятида жойлашган 2 та АГТКШда («С.А.Л.» ва «М.Г.» МЧЖлар) табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлаб, жами 28,3 млрд сўмлик зарар ҳисоб-китоб қилинган.