Ўзбекистонда ичимлик ва оқова сув бўйича ягона нарх жорий қилиниши кутилмоқда. Бу ҳақда 12 февраль куни «Ўзсувтаъминот» раҳбарияти иштирокида АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Тадбирда «Газета.uz» мухбири Республика бўйича электр энегрияси ва газ тарифлари ҳамма истеъмолчи учун бир хиллиги, лекин нега ичимлик ва оқова сув учун нархлар вилоятларда турлича эканлигига изоҳ сўради. «Ўзсувтаъминот» раиси ўринбосари Хуршид Раҳматуллаевнинг қайд этишича, ҳудудларда сув ишлаб чиқариш харажатларининг турлича бўлгани асосий сабаб ҳисобланади.
«Ҳақиқатан бу масала долзарб. Вилоятлардаги нархларнинг ҳар хиллиги сув етказиб бериш манбалари ва улардаги ишлаб чиқариш харажатлари билан боғлиқ. Мисол учун, Хоразм ва Қорақалпоғистонда 50−100 метрдан сув чиқади. Лекин сув шўр ва қаттиқлик даражаси юқори. Шу сабабли уни ичимлик сувига айлантириш харажатлари қиммат. Тошкент шаҳрида сув Чорвоқдан ўзи оқар тарзда келади ва филтрланиб, аҳолига етказиб берилади. Водий вилоятларида эса сувни 300−400 метрдан қазиб чиқаришга тўғри келяпти. Насосга сарфланадиган электр энегрия ва бошқа харажатлар учала вилоятда ҳам турлича ҳисоб-китоб қилинади. Шу каби омиллар сабабли вилоятлардаги тарифлар ҳар хил», — дейди Раҳматуллаев.
Унинг айтишича, айни пайтда ичимлик ва оқова сув учун ҳам республика бўйича ягона тарифини жорий этишга тайёргарлик кўрилмоқда.
«Тўғри айтиб ўтдингиз, ҳозир электр энергияси ва газ бўйича нархлар республика бўйича ягона. Биз ҳам республика бўйича ягона тарифни йўлга қўйишга тайёргарлик кўряпмиз. Бунга хорижий консультантларни жалб қилиш режалаштирилган. Аммо бу анча жиддий масала. Бу ижтимоий ва геосиёсий, қолаверса, техник жиҳатдан катта тайёргарлик кўришни, жуда эҳтиёткорлик билан ёндашишни талаб қилади. Яқин келажакда бу бўйича албатта, жамоатчилик муҳокамасини ўтказиб, истеъмолчиларнинг фикр-мулоҳазаларини ўрганамиз ва сўнгра жорий қилиш чоралари кўрилади», — дейди у.
Раҳматуллаевнинг сўзларига кўра, ичимлик ва оқова сув бўйича ягона нархнинг йўлга қўйилиши «Ўзсувтаъминот» учун энг устувор вазифалардан бири ҳисобланади. «Бу жараёнга барибир келишимиз керак. Мисол учун, иккита вилоят чегарасида жойлашган битта маҳалла аҳолиси икки хил тарифда сув ичади, яъни кўчанинг нариги тарафи бошқа нархда, бу томони эса бошқа тарифда. Бу масалани ҳал этишда аввало, юқорида айтганимдек, жамоатчилик муносабатини ўрганишимиз зарур», — дейди Хуршид Раҳматуллаев.
Ичимлик ва оқова сув хизматлари тарифлари тўғрисидаги сўнгги маълумот: