Самарқанд вилоятида қайнона ўз келинини ўлдирди. Бу ҳақда «Замон» дастурида маълум қилинди.

Маълум бўлишича, воқеа 2024 йил 3 октябрь куни Нарпай туманида содир бўлган. Айбланувчи аввалроқ ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум бўлиб, фарзандларини меҳрибонлик уйига ташлаб кетган. Бироқ вояга етган ўғлининг тўйидан сўнг у яшашга жойи йўқлигини важ қилиб уйига қайтган.

Аёл биринчи кунларданоқ келинини камситиб, ҳақорат қила бошлайди. Ёш келин онасига доимий ҳақоратлар ҳақида шикоят қилади.

Бир куни ўғлининг йўқлигидан фойдаланиб, аёл можаро бошлаган. Ўзаро жанжал давомида келинини телефонни зарядловчи шнури билан бўғиб ўлдиради, сўнг шиша идиш, қайчи ва ошхона пичоғи билан жароҳатлаган. Ёш аёл олган тан жароҳатлари туфайли воқеа жойида вафот этган.

Қотилликдан сўнг қайнона қочишга уринади, лекин кўп ўтмай қўлга олинди.

Суд унга 97-модданинг 2-қисми «г» банди (Ўта шафқатсизлик билан қасддан одам ўлдириш) билан айбдор деб топиб, 57-моддадаги жазони енгиллаштирувчи ҳолатларни ҳисобга олиб, 13 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.