Ҳафтанинг иккинчи ярмида Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари бўйича қуруқ ва баҳорий илиқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, дея хабар берди Ўзгидромет агентлиги.
Душанба кундузи Ўзбекистон ҳудуди бўйича ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Якшанба куни ҳавони кескин совуқ бўлганидан сўнг ҳарорат тез кўтарила бошлайди ва куннинг ўртасига келиб ҳаво +8…13 даражагача исийди.
18−19 февраль кунлари республика ҳудудининг катта қисмида ёғингарчиликсиз об-ҳаво сақланиб туради. Фақат Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида баъзи жойларда ва 19 февраль куни Самарқанд, Жиззах вилоятларида айрим жойларда ёмғир ёғиши мумкин. Ушбу кунларда ҳаво ҳарорати деярли ўзгармайди.
Ҳафтанинг иккинчи ярмида кундуз кунлари ҳаво +15…+20 даражагача кўтарилади. Синоптикларга кўра, бу ҳарорат март ойининг охири ва апрель ойининг бошидаги иқлим кўрсаткичларига мос келади.
Ҳарорат кечалари +3…+8 даража илиқ атрофида бўлади. Шамол шарқдан 7−12 м/с тезликда эсади, 18 февралда айрим жойларда 13−18 м/с гача кучаяди.
Тошкентда шаҳрида 17−20 февраль кунлари ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 3−8 м/с тезликда эсади. 17−19 февралда ҳарорат асосан кечалари 0…+3 даража, кундуз кунлари +11…+14 даража илиқ, 20−21 февралда кечалари +2…+5 даража бўлади, кундуз кунлари +15…+18 даражагача кўтарилади.