Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёдда 18 февраль куни Россия ва АҚШ делегациялари иштирокида Россия-Украина урушини тўхтатиш бўйича музокаралар бўлиб ўтади, деб хабар бермоқда «Коммерсант».
Politico нашрининг қайд этишича, АҚШ президенти Дональд Трамп маъмуриятининг юқори мартабали амалдорларидан иборат гуруҳ Украина бўйича тинчлик музокараларига тайёргарликни бошлаш учун Саудия Арабистонига йўл олган.
АҚШ томонидан музокараларда давлат котиби Марк Рубио, АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майк Уолтц ва Трампнинг Яқин Шарқдаги махсус вакили Стив Уиткофф иштирок этиши кутилмоқда. Шу билан бирга, Трампнинг Украина ва Россия бўйича махсус вакили Кит Келлогнинг иштироки кутилмаяпти, дея таъкидлади Politico.
Россия музокаралар гуруҳига Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков, Ташқи разведка хизмати раҳбари Сергей Наришкин ва Россия тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси бош директори Кирилл Дмитриев кириши мумкин, деб ёзди Bloomberg.
15 февраль куни Рубио Лавровга қўнғироқ қилганди. Дипломатлар «Украина атрофидаги тартибга солиш»ни муҳокама қилган ва «давлатлараро мулоқотни тиклашга» келишиб олган.
Аввалроқ Трамп Россия-Украина урушини тугатиш бўйича музокаралар Саудия Арабистонида ўтказилишини маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, уларда Россия, АҚШ ва Украина вакиллари иштирок этади.
Якшанба куни Трамп журналистларга музокараларда Зеленский «иштирок этишини» айтди, бироқ қандай роль ўйнаши ҳақида батафсил маълумот бермади, дея аниқлик киритди AP.
Зеленский Украина бўйича унинг мамлакати киритилмаган ҳар қандай музокараларни қабул қилмаслигини айтган. Ўз навбатида, Европа ҳукуматлари ҳам учрашувларда ўз ролларини талаб қилмоқда.
Киев учун Саудия Арабистонидаги музокаралар ҳақидаги хабарлар кутилмаган бўлди, деди Politico нашрига исми ошкор этилмаган Украина расмийси. Украина вакиллари 16 февраль куни Саудия Арабистонига амалий ташриф билан келган, бироқ Украина президенти офисида урушни тугатиш режаси ишлаб чиқилмагунча Россия томони билан учрашишни режалаштирмаётганини маълум қилган.
16 февраь куни кечқурун Владимир Зеленский рафиқаси Елена Зеленская билан бирга расмий ташриф билан Бирлашган Араб Амирликларига борди.
«Асирликдан янада кўпроқ одамларимиз уйларига қайтиши устувор вазифа. Шунингдек, инвестициялар ва иқтисодий шериклик. Катта гуманитар дастур», — деб ёзди Зеленский ташрифини эълон қиларкан.