Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги айрим маҳаллаларга «Ташвиш» тугмалари ўрнатилди, деб хабар бермоқда пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати.
Маълум қилинишича, бу президентнинг «2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори доирасида амалга оширилган.
Чилонзор тумани Ички ишлар органи фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ва Миллий гвадрия ҳамкорликда Чилонзор туманидаги қизил тоифадан ўрин олган 6 та маҳаллани жиноятчиликдан холи қилиш мақсадида барча сектор раҳбарлари иштирокида йўл харитаси тасдиқланган.
Унга мувофиқ, хавфсиз кўча ва хавфсиз ҳудуд тамойили асосида ҳар бир кўп қаватли уй атрофига кузатув камералари ўрнатилган. Бундан ташқари, шубҳали ҳолат юзага келганда ички ишлар органи ва Миллий гвардия хизмати ходимларига ўз вақтида хабар етказиш учун «Ташвиш» тугмалари ўрнатилди.
Тугма босилганда ҳудудий ички ишлар бўлими ва гвардия тизимига интеграция қилинган махсус қурилма дарҳол масъул ходимларни огоҳлантиради. Ушбу тугма босилганда 4−6 дақиқа вақт ичида гвардия ходимлари воқеа жойига етиб келади.
Чилонзор тумани ИИО ФМБ бошлиғи ўринбосари Музаффар Асқаровнинг таъкидлашича, «Ташвиш» тугмасини ким босганини билиш учун камералар ҳам ўрнатилган. Кўчаларда Face-ID (юздан таниб олиш) камералари қўйилган.