Меҳнат кодексига фойдаланилмаган меҳнат таътили учун компенсацияни ҳисоблаш бўйича ўзгартиришлар киритилди. Бу президент томонидан 13 февралда имзоланган қонунда назарда тутилган.

Шу пайтгача Меҳнат кодексининг 234-моддасида меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга барча фойдаланилмаган ҳар йилги асосий ва қўшимча меҳнат таътиллари учун пулли компенсация тўланиши белгиланганди. Янги ўзгаришларга кўра, бунда эндиликда якшанба куни инобатга олинмайди.

Агар аввал компенсация барча календарь кунлари учун ҳисобланган бўлса, энди фойдаланилмаган таътил даври якшанба кунига тўғри келса, ушбу кун учун тўлов амалга оширилмайди.

Айтайлик, ходим ишдан бўшаганда 10 кунлик таътилдан фойдаланмаган бўлса, компенсация барча 10 кун учун тўланар эди. Энди эса ушбу даврда 1 та якшанба бўлса, компенсация фақат қолган 9 кун учун ҳисобланади.

Ўзгариш ишдан бўшаш ёки таътилнинг бир қисмини пулли компенсацияга алмаштириш ҳолатида тўловлар миқдорининг камайишига олиб келиши мумкин.

Шунингдек, маош сақланмайдиган таътилга (241-модда) оид ўзгартишлар киритилди. Энди унинг муддати аввалгидек календарь йили эмас, балки исталган ўн икки ойлик давр ичида уч ойдан ошмаслиги керак.

Илгари 3 ойлик маош сақланмайдиган таътил лимити календарь йили (1 январдан 31 декабргача) бўйича ҳисобланган. Энди у охирги маош сақланмайдиган таътилдан бошлаб исталган кетма-кет 12 ойлик давр ичида ҳисобланади.

Энди ходим аввалги ойларда уч ойлик таътилдан фойдаланган бўлса, янги йил бошланиши билан уни қайта ололмайди.

Масалан, илгари ходим 2024 йил октябрда бир ой таътил олган бўлса, 2025 йил 1 январдан яна тўлиқ уч ойлик таътил олиш имкониятига эга эди. Энди эса 2025 йил октябрга қадар у фақат икки ой таътил олиши мумкин, чунки ҳисоб-китоб кетма-кет 12 ойлик давр асосида юритилади.

Меҳнат кодексига, бундан ташқари, фуқародан ишга киришда паспорт, меҳнат ва пенсия дафтарчаси талаб қилинмаслиги ҳамда ҳомиладорлиги ёки фарзанди борлиги сабаб ходимни ишдан бўшатиш тақиқловчи ўзгартиришлар киритилди.

Шунингдек, ўртача иш ҳақини ҳисоблаш тартиби аниқлаштирилди. Хусусан, барча меҳнат тўлови тизимларида ходимнинг ўртача маоши сўнгги 12 календарь ойда ҳисобланган умумий даромаднинг 1/12 қисми сифатида белгиланади. Бу ҳисоб-китоб ходим учун ўртача маош сақланадиган ойдан олдинги 12 ойлик давр асосида амалга оширилади.

Илгари ўртача иш ҳақи фақат вақтбай тўлов тизимига тўғри келган ва у охирги ой учун маош билан бирга 12 ой давомидаги ҳар хил қўшимчалар, премиялар ва бошқа тўловлардан 1/12 қисми ҳисобланар эди.

Шу билан бирга, ўртача иш ҳақи ҳисоблаш усули барча ходимлар учун умумий бўлиб, ҳар қандай тўлов тизимига татбиқ этилган. Лекин, илгари ҳисоб-китобда охирги ойнинг тариф ставкаларидан фойдаланилган бўлса, энди бу тартиб бекор қилинган, бу эса тўловлар миқдорига таъсир кўрсатиши мумкин.