Ушбу шарҳ «Ўзгидромет»нинг қисқа ва ўрта муддатли об-ҳаво прогнозлари асосида тузилган бўлиб, у бевосита об-ҳаво прогнози эмас.
Бу каби шарҳлар об-ҳаво бюроларининг прогнозларидаги рақамлар, ҳодисаларни оддий тилда тушунтириш имконини беради. Айрим нуқталарда «Ўзгидромет» ҳали тақдим этишга улгурмаган ахборотлар халқаро об-ҳаво прогнози марказларининг маълумотлари билан тўлдирилган — бу ҳам прогнозларни шарҳлаш амалиётида тасдиқланган самарали усулдир.
Ўзбекистонда жорий ҳафтанинг сешанба-чоршанба кунлари Бухоро, Навоий, Самарқанд, Жиззах, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида бироз ёғингарчиликлар бўлиши мумкин. Ушбу нам ҳаво оқимлари Туркманистон ҳудудларидан кириб келувчи атмосфера жараёнларига бевосита боғлиқ. Аммо унинг ёғин улашиш «қуввати» у даражада кўп эмас.
Умуман олганда, ҳафта давомида Ўзбекистонда аста-секин юқори кўтарилиб бориш хусусияти эга об-ҳаво кутилади. Пайшанбага қадар жойларда ҳарорат кундузи +18 даражагача, пайшанба-жума кунлари эса +20 даражагача илиқ бўлиши прогноз қилинмоқда. Тунги ҳароратнинг ҳам кўтарилиб бориши худди баҳор бошларида кузатиладиган илиқ ҳарорат муҳитини тақдим этади.
18 ва 19 февраль кунлари айрим ҳудудларда кузатилиши тахмин қилинаётган қисқа муддатли ёғингарчилик ҳисобга олинмаса, Ўзбекистонда якшанбага қадар ёғингарчилик кутилмайди. Ҳафта охирида минтақага навбатдаги нам ҳаво оқимлари кириб келиши фонида мамлакатнинг аксарият қисмида ёғингарчиликлар кузатилишини тахмин қилиш мумкин.
Қишки «бир исиб бериш» тамойили ортидан совиш ҳодисалари бўлиши муқаррар бўлгани каби, февралнинг охирги ҳафтасида ҳам Ўзбекистонда ҳаво ҳароратининг яна пасайиб кетиши метеорологик хариталарда ҳам кўриниб турибди.
Манба: Meteoinfo.ru
Оддий қилиб айтганда, ҳафта об-ҳавоси илиқ (ҳафтанинг иккинчи ярмида иссиқ ҳатто), иш кунлари эса (айрим вилоятларда сешанба ва чоршанба кунлари бўладиган қисқа муддатли ёғингарчилик ҳисобга олинмаса) ёғингарчиликларсиз ўтиши кутиляпти.
Жорий ҳафта энергетика тармоғида газ қувурларидаги босимга об-ҳаво таъсири камроқ бўлади. Пайшанбадан водий вилоятларидаги метан газ-заправкалари фаолиятида ҳам, катта эҳтимол билан, барқарорлик кузатилиши мумкин. Қишлоқ хўжалиги тармоғида эса жанубий вилоятлардаги баҳорий илиқлилик сабаб, дов-дарахтларда эртароқ уйғониш даври кузатилиши мумкин.
«Ўзгидромет» прогнозига кўра, 17 февраль куни жойларда ёғингарчилик кутилмайди. Ҳаво ҳарорати кундузи шимол ва водий вилоятларида +11 даражагача, бошқа вилоятларда +10…+15 даражагача, жанубий вилоятларида +17 даражагача илиқ, тунда шимол ва тоғларда −3…−8 даражагача совуқ, бошқа ҳудудларда -2 даража совуқдан +5 даража илиқгача ўзгаради. Жойларда туман ҳодисалари кузатилиши мумкин.
Синоптиклар 18−20 февраль кунлари ҳароратнинг аста кўтарилиб бориши, 18−19 февраль кунлари Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида, 19 февраль куни Жиззах ва Самарқанд вилоятларида ёмғир кўринишида бироз ёғингарчиликлар бўлишини маълум қилган. Айни вақтда, тоғларда унча кўп бўлмаган ёмғир-қор кўринишида ёғингарчиликлар бўлади. Бошқа кунларда ёғингарчилик кутилмайди. 18 февраль куни водий вилоятларидан ташқари бошқа ҳудудларда шамол тезлиги сониясига 18 метргача кучайиши тахмин қилинган.
Сешанбадан бошлаб марказий ҳудудларга нам ҳаво оқимининг кириб келиши тунги ҳароратнинг ҳам сезиларли юқори кўтарилишига олиб келади. Ҳатто, шимолий ва тоғли ҳудудларни ҳисобга олмаса, республика бўйлаб тунги минимум ҳарорат ноль даражадан юқори кузатилади. 18−19 февраль кунлари шимолий ҳудудлар ва тоғлардан ташқари бошқа жойларда ҳарорат +10…+15 даража, 20 февраль куни +20 даражагача юқори кўтарилади. Айрим ҳудудларда туман ҳодисалари кузатилиши мумкин.
Манба: Windy
Жума, шанба ва якшанба кунлари аҳоли ҳаво ҳароратининг янада юқори кўтарилиб боришига гувоҳи бўлади. Тунги ҳарорат ҳам кўтарилиб, худди баҳорий илиқлилик кузатилади. Шанба-якшанба кунлари минтақага навбатдаги нам ҳаво оқимлари кириб келиши кутилмоқда. Якшанба куни жойларда ҳароратнинг сезиларли пасайиб кетишини тахмин қилиш мумкин.
Шанба ва якшанба кунлари ҳарорат ўзгариши ва ёғингарчиликлар эҳтимоли тўғрисидаги сўнгги маълумотларини «Ўзгидромет»нинг ҳар куни янгиланадиган қисқа муддатли об-ҳаво прогнозлари орқали аниқроқ билиб олиш мумкин.
«Ўзгидромет»нинг бошқа бир ахбороти ҳамда Европа ўрта ва узоқ муддатли об-ҳаво прогноз маркази (ECMWF)нинг прогнозларига кўра, ҳафта (17−23 февраль кунлари) давомида Ҳисор тоғ тизмаларидан ташқари жойларда ҳарорат шу даврга хос ўртача иқлимий қийматдан 1−3 даража юқори бўлиши прогноз қилинган. Ёғингарчилик бўйича эса шимол учун шанба-якшанба кунлари кутилаётган ёғингарчиликлар ҳисобига Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида етти кунликда шу даврга хос иқлимий меъёрдан кўпроқ, Навоий, Самарқанд вилоятлари ҳамда Қашқадарё-Бухоро минтақасининг айрим ҳудудларида меъёрий, Сурхондарё, Жиззах, Сирдарё, Тошкент ҳамда Фарғона водийси вилоятларида меъёрдан анча кам ёғингарчилик кутилади. Ҳафта тоғларда яна ҳам қуруқ ўтиши кутилмоқда.
Шундай қилиб, ҳафта давомида ёғингарчилик республика ҳудуди бўйлаб умумий тақсимотда шу давр учун хос меъёр атрофида, ҳарорат бўйича эса меъёрдан юқори, яъни «иссиқ» бўлиши маълум қилинган.
Ҳарорат режими ва тез ўзгарувчан об-ҳаво муҳитининг инсон саломатлигига таъсири
Жорий иш ҳафтаси об-ҳаво муҳити об-ҳаво ўзгаришларига таъсирчан кишилар саломатлигига у қадар катта хавф туғдирадиган даражага эга эмас.
Иш кунлари Ўзбекистонда шу мавсумга хос атмосфера босими кутилади. Яъни, бу даврда айнан атмосфера босимининг ўзгаришлари билан боғлиқ вазият саломатлигимизга таъсир этмайди. Аммо, ҳафта ўрталаридан ҳаво ҳароратнинг кўтарилиши кишиларда бироз кислород етишмовчилиги, умумий ланжликни келтириб чиқариши мумкин.
Дам олиш кунлари эса навбатдаги совуқ ва нам ҳаво оқимларининг минтақага шамоллар билан кириб келишида «барик тубсизлик» ҳодисасининг паст даражалари кузатилиши, бу об-ҳаво ўзгаришларига мойил, айниқса, қон босими касаллигидан азият чекаётган кишилар саломатлигида ўзгаришларга сабаб бўлиши мумкин.
Ҳароратнинг кўтарилиши билан боғлиқ кислород етишмовчилиги ҳамда «барик тубсизлик» ҳолатига таъсирчан кишилар ўз саломатлигида ўзгаришлар сезсалар олдинги материалдаги тавсияларга амал қилишлари мақсадга мувофиқдир.
Биоиқлимий шароитлар
Кутилаётган ҳафта об-ҳавоси шимолий ҳудудлар ва тоғлардан ташқари бошқа жойларда худди баҳорий об-ҳаво муҳитини тақдим этгани учун жуда қалин кийимларни кийишга эҳтиёж бўлмайди. Қолаверса, тунги ва тонгги муддатларда ҳам ҳароратнинг ноль даражадан анча юқори кузатилиши ўрта ва кекса ёшли кишиларнинг бош кийимсиз юришига имкон беради. Пайшанбадан бошлаб кундузи енгил кийимлар кийиб олишлари ҳам мумкин.
Шимолий ҳудудлар ва тоғларда эса кунудузи қуёш нурлари ҳавони реал ҳарорат қийматидан юқорироқ ҳис қилиш имконини берса-да, кечги, тунги ва тонгги муддатларда барибир қалинроқ кийиниш тавсия этилади.
Космик таъсирлар
Ўзбекистонликлар душанба куни «сариқ» хавфга эга магнит бўрони қўзғалишларига таъсирига тушиши мумкин. Ҳафтанинг қолган иш кунларида «яшил» даражадаги — хавфсиз магнит бўронлари кузатилиши прогноз қилинмоқда.
Кўплаб прогноз моделлари 15−16 февраль кунлари Қуёш фотосферасида М ёки Х синфли қуёш чақнашлар кузатилмаганини кўрсатяпти. Яъни, сешанба ёки чоршанба куни Ерда кучли магнит бўрони қўзғалишлари эҳтимоли йўқ.
Манба: Xras.ru
Қозоғистондаги Ионосфера институти эълон қилган геомагнит бўрони прогнозида ҳам душанба куни об-ҳаво ўзгаришларига мойил кишилар саломатликка бироз хавф туғдирувчи «сариқ» даражадаги, яъни кучсиз қўзғалишлар билан рўбарў келиши қайд этилган. Бошқа кунларда эса кишилар айнан мана шу космик таъсирлардан азият чекмасликлари маълум қилинган.
Манба: Ionos.kz
Ҳозир дунёда магнит бўронларини икки кундан ортиқ давр учун ишончли прогноз қила оладиган восита ва усуллар мавжуд эмас. Шу боис, магнит бўронларига таъсирчан кишилар ўз режаларини яқин икки кунлик магнит бўрони прогнози маълумотларига таяниб тузиши мақсадга мувофиқдир.
Об-ҳаво ўзгаришлари билан боғлиқ атмосфера ифлосланиши
Жорий ҳафта республика бўйлаб антициклон жараён кутилмалари мавжуд эмас. Бу ҳавонинг айнан об-ҳаво ўзгаришлари сабаб узоқ муддат ифлосланишига олиб келмайдиган муҳитни тақдим этади. Аммо сешанба ва дам кунлари минтақага нам ҳаво оқимларининг кириб келишидан олдин кузатиладиган фронтолди шамоллари ҳавода майда дисперс зарачалари ортишига сабаб бўлиши ва қисқа муддатли ҳаво ифлосланишлари рўй бериши мумкин.
Ҳавода майда заррачалар билан боғлиқ ифлосланиш ортган пайтда қандай ҳаракат қилиш лозимлиги борасида Санитария-эпидемиология қўмитаси аҳолининг турли ёш қатламлари ва беморлар учун тавсиялар тайёрлаган.
Шундай қилиб, 17 февралдан 23 февралгача бўлган етти кунликда об-ҳаво бўйича энг қулай кунлар душанба ва чоршанба бўлиб, иқлимий ўзгаришларга мойил кўпчилик шу кунларда ўзини нисбатан енгилроқ ҳис қилиши кутилмоқда.