Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманидаги Глинка кўчасида бизнес маркази қуриш таклиф этилди, дея хабар берди туман ҳокимлиги матбуот хизмати.

Туман ҳокими Нилуфар Аллабергенова ушбу ташаббус билан чиққан инвестор Griffin Development компанияси вакили билан учрашув ўтказди.

Учта кўп қаватли бинодан иборат лойиҳа доирасида бизнес маркази, замонавий меҳмонхона, маиший хизмат кўрсатиш мажмуалари ва қулай инфратузилмага эга турар-жой барпо этилади.

«Бу эса нафақат туманнинг архитектура қиёфасини янгилашга, балки янги иш ўринлари яратиш орқали аҳолининг бандлигини оширишга ҳам хизмат қилади», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия компанияси Чилонзор ҳокими ўринбосари билан музокарада «Бешёғоч» бозори ўрнида йирик бизнес маркази қуришни таклиф қилганди. Ҳокимлик лойиҳа ҳозирча муҳокама босқичида эканини айтиб, айни вақтда лойиҳа аниқ амалга ошиши, унинг муддатлари ва қиймати ҳақида ҳеч қандай режалар йўқлигини билдирганди.