Тошкент марказидаги Амир Темур кўчасида яна бир бор 10 (!) полосали тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойида пиёда уриб кетилди. Шаҳар ҳокимияти ва ЙҲХБ кўчаларда ва йўлларда хавфсизликни ошириш борасида ҳаракатсизликни давом эттирмоқда ҳамда бундай ҳодисалар учун масъулиятни ўз зиммасига олишни истамаяпти.
Ҳодиса 15 февраль куни тахминан соат 20:15 да Кичик ҳалқа йўли ўтган кўприк ёнидаги ўтиш жойида содир бўлди. Тезликни оширган 19 ёшли ҳайдовчи бошқараётган Spark аёл кишини уриб юборди.
Ижтимоий тармоқлардаги видеоларга кўра, бу ҳодиса автомобиллар пиёдани ўтказиб юбориш учун тўхтаган пайтда, Spark ҳайдовчиси янги чизиқни эътиборсиз қолдириб, четки чап қаторда ҳаракатланаётганда содир бўлган.
Жароҳат олган пиёда шифохонага етказилди ва унга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилди. ЙҲХБ унинг аҳволи ҳақида батафсил маълумот бермаган.
ЙҲХБ қандай муносабат билдирди?
Ўша куни кечаси пойтахт ЙҲХБ видео эълон қилди, унда ходим йўл-транспорт ҳодисасига «ҳайдовчининг эътиборсизлиги», «пиёдани ўтказиб юбормагани» сабаб бўлганини айтди.
Бошқарма матбуот котиби Қаҳрамон Худойбергановнинг айтишича, ҳайдовчи «суҳбат чоғида» рухсат этилган тезликни оширганини тан олган.
«Ҳурматли ҳайдовчилар, пиёдалар ўтиш жойи белгисини кўрганингизда тезликни камайтириб, пиёдани ўтказиб юборишингизни ва кейин ҳаракатни давом эттиришингизни сўраймиз», — деди у.
Шу пайтда ЙҲХБ ходимларининг орқасида кўчанинг ўртасига етиб келган пиёдани машиналар ўтказмаётганини кўриш мукин.
Бу баёнотда нималар нотўғри?
ЙҲХБ, одатдагидек, инфратузилмадаги камчиликларни кўрсатиб ўтирмай, жавобгарликни ҳайдовчига юклади.
Бу қандай камчиликлар? Биринчидан, 10 қаторли йўлда тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойининг бўлиши мутлақо нотўғри. Бу ўтиш жойида светофорлар ўрнатилиши керак эди, тайёргарлик ишлари олиб борилаётганди, аммо негадир улар ўрнатилмади. Йўл кўпригининг нариги томонидаги ўтиш жойида светофор бору, бу жойда йўқлиги ҳеч қандай мантиққа тўғри келмайди.
Ўзбекистон президентининг 2023 йил сентябрдаги фармонида аҳоли пунктларидаги барча тартибга солинмаган ўтиш жойлари тугма билан бошқариладиган светофорлар билан жиҳозланиши кўзда тутилганди. Сўнгги бир неча йилда кўплаб ўтиш жойлари светофорга эга бўлган Тошкентда бу ишни охирига етказишга нима тўсқинлик қилмоқда?
Бундай суръатларда мамлакат 2030 йилга бориб («Ўзбекистон-2030» стратегиясида назарда тутилган) жиддий оқибатларга олиб келадиган ЙТҲлар сонини камида 50 фоизга камайтиришга қандай эришмоқчи?
Нима учун ЙҲХБ ва ҳокимият чорраҳалар ва ўтиш жойларида оғир ЙТҲлар содир бўлганидан кейин ҳам уларни қайта ташкил этиш учун ҳеч нарса қилмаяпти? Ички ишлар вазирлиги биноси ёнидаги шундай ўтиш жойларидан бири ҳақида яқинда ёзгандик. У ерда нафақат йўл белгиси пайдо бўлмади ва қатнов қисми торайтирилмади, аксинча — ўтиш қисми энди тротуарга эмас, тўғридан-тўғри янги автотураргоҳга олиб борадиган бўлди.
Иккинчидан, Амир Темур кўчасида ЙҲХБ ташаббуси билан пиёдалар ўтиш жойлари олдида қатнов қисмини бир қаторга торайтирувчи янги чизиқ чизилди. Бироқ бишқарма томонидан аниқ тушунтириш ишлари олиб борилмади, жойларга белгилар қўйилмади, бошқа чизиқлар қайта чизилмади (улар қийшиқ бўлиши керак эди) ва ҳеч қандай жисмоний тўсиқлар ўрнатилмади.
Ижтимоий тармоқларда айнан шундай «оролчалар»да содир бўлган автоҳалокатлар акс этган видеолар эълон қилинмоқда — чизиқлар можароли вазиятларни келтириб чиқармоқда, ҳайдовчиларни кескин йўналишни ўзгартиришга мажбур қилмоқда. Ва айнан шундай чизиқда муҳокамадаги пиёдани уриб кетиш ҳодисаси содир бўлди.
Учинчидан, Ўзбекистон ЙҲХХ ва унинг бўлинмалари узоқ йиллар давомида «ҳурматли, азиз ҳайдовчилар»га эътиборли ва эҳтиёткор бўлиш ҳақидаги чақириқлар, варақалар тарқатиш ва шаҳарлар бўйлаб пачоқланган машиналар ортилган «автокарвонлар»ни олиб юриш натижа бермаслигини тушуниб етиши керак эди.
Фақат кўчаларнинг тўғри лойиҳалаштирилиши фойда беради (инфратузилма ҳайдовчиларга тезликни оширишга ва ўз хоҳишича ҳаракатланишга йўл қўймаслиги керак, кенг ўтиш жойларида светофорлар бўлиши шарт ва ҳоказо), жазонинг муқаррарлиги (барча учун, айниқса давлат органлари белгилари бўлган машина ҳайдовчилари учун) ва жазонинг максимал қатъийлиги («камбағал» ва «жарима билан кўмилган» ҳайдовчиларга ғамхўрлик қилишни тўхтатиш вақти келди).
Худди шу Амир Темур кўчасида ҳали ҳам тартибга солинмаган ўтиш жойлари мавжуд. Улардан бирининг олдига ўтган йил охирида ЙҲХБ томонидан янги чизиқ чизилган эди. Вақт унинг ҳам ишламаслигини кўрсатди. Нега бошқарма светофор ва пиёдаларни ёқтирмайди? Ва оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисалари учун масъул шахслар жавобгарликни қачон ўз зиммасига ола бошлайди?