Пойтахт ва Тошкент вилоятида эмиссия меъёрларини бузаётган юзлаб иссиқхона, завод ва ижтимоий объектлар аниқланди, деб хабар қилди Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати.
Бош прокурор ўринбосари Шерзод Тўхтабоев бошчилигидаги Экология вазирлиги ва бошқа идоралар ходимларидан иборат махсус ишчи гуруҳ томонидан 762 та объект — 103 та иссиқхона, 450 та ижтимоий объект ва 209 та саноат корхонасида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш меъёрларига риоя этилиши текширилди.
Таҳлиллар шуни кўрсатдики, уларнинг 416 таси (54,6 фоизи) тутун, чанг ва газ чиқариш меъёрларини бузган.
Жумладан, 70 та иссиқхонада сифатсиз қозонлардан фойдаланилган, 83 таси экологик экспертизадан ўтказилмаган, 24 та иссиқхонада атмосферага чиқинди газларни тозалаш фильтрлари ўрнатилмаган (айрим иссиқхоналарда бир нечта қоидабузарликлар мавжуд).
Ижтимоий соҳада 18 та тиббиёт чиқиндиларини ёқиш, 5 та дудбўронлар тўлиб қолиши ҳолатлари қайд этилган.
Саноат корхоналарида 40 та объект экологик экспертизадан ўтмаган, 108 тасида фильтр мавжуд эмас, 39 таси самарасиз тозалаш мосламаларидан фойдаланади, 29 таси эса зарарли моддалар чиқиндилари бўйича белгиланган меъёрлардан ошиб кетган. Айрим заводларда ҳам бир нечта қоидабузарликлар мавжуд.
Корхоналар раҳбарлари қонунбузарликларни зудлик билан бартараф этиш юзасидан огоҳлантирилди.
Февраль бошида Тошкент вилоятидаги экорейд натижалари эълон қилингач, тармоқларда ҳаво ифлосланиши ўлчовининг тўғрилиги бўйича баҳслар пайдо бўлганди. Эковазирлик нормадан ошиш кузатилмаганини айтган. Ўшанда маълум қилинишича, Тошкентга кирувчи ҳаво оқимларининг 80 фоизи иссиқхона концентрацияси юқори ҳудудлардан ўтади.