АҚШ президенти Дональд Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида Америка қўшинлари «Ал-Қоида» террорчилик гуруҳи аъзосини ўлдиргани ҳақида ёзди.

«Ушбу дам олиш кунлари [15−16 февраль] АҚШ қўшинлари Суриядаги „Ал-Қоида“ аъзоларидан бирига юқори аниқликдаги авиазарба берди. Террорчилар етакчиси „Ал-Қоида“ билан бутун минтақа бўйлаб ҳамкорлик қилган», — дея таъкидлади Трамп. У ўлдирилган аъзонинг исмини ошкор қилмади.

Президент, шунингдек, Америкага, унинг иттифоқчилари ва ҳамкорларига таҳдид солаётганларга қарши курашганларни табриклади.

АҚШ Қуролли кучлари марказий қўмондонлиги (CENTCOM) аввалроқ 15 февраль куни америкалик ҳарбийлар Сурия шимоли-ғарбида «Ал-Қоида»га алоқадор «Ҳуррас ад-Дин» террорчилик ташкилотининг «молия ва логистика бўлимининг юқори мартабали ходими»ни ўлдирганини маълум қилганди.

АҚШ ҳарбийлари кўп йиллардан бери «Ал-Қоида»га алоқадор «Ҳуррас ад-Дин» гуруҳи террорчиларига қарши курашиб келади. АҚШ қуролли кучлари марказий қўмондонлиги аввалроқ Сурияда гуруҳ етакчилари ўлдирилгани ҳақида бир неча бор маълум қилганди. АҚШ ҳарбийлари охирги марта бундай баёнот билан 30 январда чиққан. Шунингдек, 2024 йилнинг август ва сентябрь ойларида ҳам жангариларнинг ўлдирилиши ҳақида хабар берилган.