Ташқи реклама тартибини бузган «Алоқабанк»нинг Ангор тумани хизмат кўрсатиш марказига нисбатан молиявий жарима қўлланди, деб хабар бермоқда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси.
Ташкилотнинг Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси ўтказган ўрганиш давомида банк ташқи реклама ва ахборотни жойлаштириш тартибини бузгани аниқланган.
Махсус комиссия реклама тўғрисидаги қонун ва Вазирлар Маҳкамасининг ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисидаги қарори билан тасдиқланган низом талаблари бузилиши аломатлари билан иш қўзғатди. «Алоқабанк»нинг Ангор тумани хизмат кўрсатиш марказига нисбатан молиявий жарима қўллаш юзасидан қарор қабул қилинди.
Шунингдек, қонун бузилиши ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Рақобат қўмитаси Davr Bank`ка нисбатан микрокредит бўйича ташқи рекламада аниқ маълумотларни келтирмагани учун молиявий жарима қўллаганди. Бундан аввал Invest Finans Bank ҳам шу каби камчилик учун жаримага тортилганди.
Ўтган йил октябрь ойида онлайн микроқарз хизмати рекламасида чалғитувчи маълумотлар берган Hamkorbank ва август ойи сўнггида рекламасида омонат хизмати юзасидан муҳим маълумотларни бермаган Universalbank жаримага тортилганди. Ундан аввалроқ «Ипак йўли» банки реклама қонунчилигини бузгани учун жаримага тортилган эди — у омонат турлари рекламасида муҳим маълумотларни тўлиқ бермаган. Банк рекламада омонат ҳақида батафсил маълумотларга тўғридан-тўғри ҳавола йўқлигини тан олган ва узр сўраган.
Июль ойида Қўмита «Ипотекабанк»ни Super омонатини реклама қилгани учун жаримага тортганди. Реклама материаллари йилига 26 фоиз рентабелликни кўрсатган, аммо расмий шартларга кўра, дастлабки уч ойдан кейин бу кўрсаткич 14 фоизгача пасайтирилади.
Қўмита «Реклама тўғрисида»ги қонунни бузганлик учун AVO Bank’ка ҳам жарима солган. Бонуслар саҳифаси ва кредит карта материалларида потенциал нотўғри маълумотлар ўрин олганди. Бундан ташқари, OFB’нинг Термиз шаҳри филиалига нисбатан рухсатсиз ўрнатилган реклама конструкциялари учун жазо чоралари қўлланган.