Дипломат Кристофер Дугган Канаданинг Ўзбекистондаги янги элчиси этиб тайинланди, деб хабар берди Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

18 февраль куни ТИВ раҳбари Бахтиёр Саидов Дуггандан ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олди.

Вазирнинг Telegram каналида ёзишича, ҳозирда Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатлари фаол ташқи сиёсат олиб бормоқда, минтақанинг глобал роли ҳам кенгайиб бормоқда.

«Биз Ўзбекистон-Канада алоқаларида ҳали рўёбга чиқмаган катта салоҳият кўрмоқдамиз. Жаноб элчига фаолияти давомида мамлакатларимиз ўртасида мавжуд кўприкларни мустаҳкамлаш ва янгиларини барпо этишда муваффақиятлар тилаймиз», — дея таъкидлади Бахтиёр Саидов.

Эслатиб ўтамиз, мамлакатнинг Ўзбекистондаги аввалги элчиси Алан Ҳемсон эди. У 2023 йил октябрь ойида миссиясини якунлаган Элисон Леклер ўрнини эгаллаганди.